Ҳозирги даврда Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртлари тизимида бир қатор мураккаб вазифалар ва муаммолар ўз эчимини кутмоқда. Бу муаммоларни кечиктирмай тавсифлаш, шарҳлаш мутлақо зарур.
Олий мактаб тузулишининг этник, этнопсихологик ва ҳудудий хусусиятларига асосланиб уни қайта қуриш мақсадга мувофиқдир. Чунки жаҳон таълими стандартларига яқинлашмоқ, уларга мослашиб янги мутахассисликларни жорий қилмоқ ҳамда уларни тайёрлашни (менежер, брокер, маркетинг, амалий психолог ва социолог кабилар) маҳаллий эҳтиёжлардан келиб чиқиб режалаштирмоқ лозим. Бунинг учун юқори малакали кадрлар имкониятини ҳисобга олиш керак.
Олий мактабда талабаларни ўқитиш ва тарбиялаш жараёни ҳозирги замоннинг талабларига жавоб бера оладиган методлар, услублар, воситалар, усулларнинг турли шакллари, кўринишларнинг янги мазмун билан бойитилиши миллий қиёфа, характер, ҳис-туйғуларни ҳисобга олиб сайи-ҳаракатлар амалга оширилиши керак. Аста-секин монологик ўқитиш тизимида диологик–инновацион (янгиликка асосланган), ҳамкорлик (ўқитувчи билан талабалар фаолиятини уйғунлаштириш) сингари таьимнинг янги турларига ўтиш ўқитиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Таълим ва тарбия маҳсулдорлигини ошириш учун талабаларнинг психологик хусусиятларини эътиборга олиш, уларга индивидуал (яккаҳол) ҳамда дифференциал (гуруҳий) муносабатни амалда қўллаш мақсадида академик гуруҳлар (курслар) ҳажмини ихчамлаштириш лозим, бунинг учун ривожланган мамлакатларда 7-10 нафар гуруҳчалар шаклда таълим уюштирилишини эслашнинг ўзи кифоя.
Олий мактаб ўқув режаси, дастури ва уларга асосланиб чоп қилинадиган дарсликлар, қўлланмалар, методик тавсиялар, кўрсатмалар ишланмалар, маъруза матнларини қайтадан кўриб чиқиш, уларни мамлакатимизнинг ҳудудлари хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда такомиллантириш, янада пухталаштириш, мутахассисликка бевосита алоқаси бўлмаган ўқув предметлари материалларини оқилона қисқартириш айни муддаодир.
Ҳарбий таълим, фуқаро мудофаси, жисмоний тарбия предметлари бўйича мажбурийлик қоидасидан воз кечиш маъқул. Чунки мазкур предметлар савияси бугунги кун даражасида эмасликни таъкидлаб ўтишнинг ўзи етарли.
Ўзбек тили ва бошқа жаҳон тилларини ўқитишни замонавий ва тезкор усул ҳамда услубларига кўчириш, гуманитар ва ижтимоий фанлар мазмунини янги материаллар, маълумотлар билан бойитиш, баён қилишнинг эскича шаклларидан воз кечиш, тарихий ҳақиқатни рўёбга чиқаришга имкониятлар яратиш керак. Маълумки, жаҳон фанида турли хусусиятларга эга бўлган чигалликлар мавжуд, шунинг учун чалкашликларга аниқлик киритиш лозим. Рангларни идроқ қилиш Гельмгольц (ХVIII-ХIХ аср) кашфиётга хос бўлмасдан, балки Абу Али ибн Сино ижодига мансубдир. Таълимдаги муаммоли вазият ХIХ асрда ғарб мамлакатларида эмас, балки Бобур ҳукмронлигида вужудга келгандир.
Ўқув предметларини ўқитишни янги босқичга кўтариш учун ўқитувчиларни малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларидан оммавий равишда ўтишини таьминлаш ҳамда уларни юксак савияда уюштириш лозим. Чунки фанларнинг назарий асослари ва методологияси бўйича бир талай муаммоли ва мунозарали жиҳатлари мавжудки, уларни тартибга келтириш, умумий йўналишни танлашни йўлга қўйиш даркор.
Имтиҳон ва синов сессияларини янада такомиллаштириш (рейтинг тизимини мақсадга мувофиқлаштириш, саволлар моҳиятини тестлаштириш, оралиқ ва якуний назорат ўтказишнинг янги шаклларини ишлаш, қидириш ҳамда жаҳон адабиётидан ижодий фойдаланиш кабилар), расмиятчиликка чек қўйиш йўлида ижодий фаолиятни жадаллаштириш, маҳоратли ўқитувчилар тажрибасини ёйиш, ташаббускорликни рағбатлантириш керак.
Олий мактабга қабул қилишда мутахассисликка оид нозик жиҳатлар, фазилатларни инобатга олиш лозим. Профессиограмма талабларидан келиб чиққан ҳолда кадрлар тайёрлаш – ўқитиш самарадорлигининг негизи ва кафолатидир. Бунинг учун етакчи мутахассис маслаҳатини қатьий йўлга қўйиш, унинг фикри билан ҳисоблашиш лозим.
Таълимда кўргазмали қуролларга эътибор кучайтирилса, сифатли ва эстетик, нафис дид билан тайёрланган қуроллардан фойдаланилса, бу талабларда предметга нисбатан қизиқишни уйғотади. Идрок ва тасаввур образларига асосланган маълумотлар талабалар томонидан енгил ўзлаштирилади.
Психологнинг муҳим вазифаларидан яна бири психологик маърифат тарқатишдир. Психологик маърифат ўқувчилар, ўқитувчилар ва умуман мактаб маъмурияти, шунингдек, таълим субъектларининг барчаси учун ўқув фаолиятининг самарадорлигини белгиловчи омилдир.
Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, юқорида зикр этилган фикрларнинг самарадорлигини таъминлаш учун республикамизда психология илмий тадқиқот институтини очиш, координацион Кенгаш қошида психологик, психологик-дидактик, психофизиологик йўналишлар бўйича тадқиқот ишларини кенгайтириш замон талабларидан биридир. Агар мутасадди ташкилотлар ва вазирликлар психологларнинг илмий-амалий фаолиятларини қўллаб-қувватласалар, нур устига аъло нур бўлур эди.
Маълумки, оиланинг мустаҳкамлиги унда дунёга келган фарзандларнинг саломатлигига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Мамлакатимизда айнан мустақиллик йилларида бу борада талай ижобий ишлар амалга оширилди, давлат дастурлари, ҳукуматнинг махсус қарорлари қабул қилинди. Жумладан, Ўзбекистон Болалар ҳуқуқлари тўғрисидаги Халқар Конвенцияни ратификация қилган ҳамда БМТнинг Бола ҳуқуқлари қўмитаси тавсияларининг бажарилиши юзасидан Миллий ҳаракат дастурини қабул қилган давлат сифатида ҳар бир боланинг туғилган онидан бошлаб унинг саломатлиги, ақлий ва жисмоний камолоти учун барча шарт-шароитларнинг яратилиши фикримизнинг далилидир.
Кейинги вақтларда мактабгача тарбия ва умумий ўрта таълим масканларида айрим муаммоларнинг ортаётгани кўзга ташланмоқда. Булардан бири “тўрт мучаси” соғ бўла туриб, ўз тенгқурларидан психик саломатлик кўрсаткичларига кўра, орқада қолаётган болалар ва ўқувчилардир. Педагог, психолог ва психиатрларнинг фикрича, бундай болаларнинг ҳар томонлама ривожланишлари учун мавжуд потенциал қобилиятлар тўлиқ амалга ошмай қолиши сабабдир. Янада муҳими, таълим ва тарбия жараёнидаги муаммолар қаторига уларнинг асаб-психик тизимида муқим ўзгаришларнинг ортиши билан кечишидир. Натижада ўзлаштира олмаслик нафақат ўқишга, балки ҳар қандай фаолият турига нисбатан салбий муносабат шаклланишига сабаб бўлади. Ўқувчилар, ота-оналар, фан ўқитувчилари триадасида ўзига хос низоли вазиятлар пайдо бўлади ва оқибатда уларда мактабдан безиш ҳолати юз бериб, улар мактабга бормай қўядилар, ҳар хил ассоциал гуруҳ аъзоларига қўшилиб, ҳуқуқбузарлик йўлига ўтиб қоладилар. Мазкур муаммо нафақат таълим-тарбия тизими муаммоси, балки ўта долзарб ижтимоий муаммо бўлиб, уни мактаб, тиббиёт ходимлари ва психологларнинг ҳамкорликдаги ўзаро ҳаракатлари билангина ҳал қилиш мумкин.
Зеро, бундай болаларга нутқ, диққат, идрок ва ҳоказо каби жараёнлар, яъни интеллект ривожланишидаги мавжуд дастлабки (илк) шарт-шароитларнинг “нуқсонлари” сифатида қараш керак.
Фикримизча, мазкур муаммони ҳал қилиш учун тиббиёт психологи тажрибаларини ўрганган ҳолда оилавий поликлиникалар қошида тиббий-психологик ёрдам бўлим(хонаси)ини очиш керак. Унда фаолият кўрсатувчи мутахассисга қўйиладиган талаб: олий психологик таълим ҳамда болалар ва ўсмирлар психологияси бўйича махсус (тайёргарлик кўрган) малакага эга бўлиши шарт.
Оилавий поликлиника психологининг функцияси:
Индивидуал тарзда ёки бевосита бириктирилган контингентга қуйидаги йўналишлар:
болалар ва ўсмирларнинг тарбиявий яшаш шароитларини яхшилаш;
ижтимоий ва психик ривожланишида “оғишлари” мавжуд болалар ва ўсмирларга педагогик-психологик коррекцияни жорий этиш;
норасмий гуруҳларга тушиб қолган ўсмирларга шахслараро муносабатларини инсонпарварлик нуқтаи назаридан англаш имкониятларини яратиш;
вояга етмаганларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш;
ўсмирларни касбга йўналтириш;
ёшларнинг ҳаётий турмуш ва болалар тарбиясига тайёргарлик кўникмаларини ривожлантириш.
Кузатилаётган болалар ва ўсмирларнинг психологик ҳолатини динамик назорат қилиш;
Аниқ психологик ёрдам турларига эҳтиёжни таҳлил қилиш;
Психологик диагностика ва коррекциянинг оптимал усулларини танлаш;
Психиатр ёки психотерапевт даволаши ва диспансер кузатиши керак бўлган психик бузилиш кузатилган беморларга йўлланмалар бериш;
Ташкил этилган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш;
Фаолияти давомида даволаш-профилактик муасссасалари ходимлари билан ворислик ва ўзаро алоқадорлик узлуксизлигини таъминлаш;
Замонавий профилактик, коррекцион, диагностик усулларни ўзлаштириш учун малакасини ошириш;
Зарурий ҳисоб-китоб ҳужжатларини юритиш кабиларни ўз ичига олади.
Ўқитувчи билан талабаларни эркин мулоҳаза юритишга, баҳслашишга, ҳамкорликда фаолият юритишга кенг имкониятлар яратиш ва бундай фаолиятни раҳбарият томонидан қўллаб-қувватлашга эришиш керак.
Иқтидорли, ташкилотчи, фидоий профессор-ўқитувчилар жамоасидаги илиқ психологик муҳит, ўзаро ҳамкорлик юқоридаги вазифаларни ҳал қилишнинг кафолатидир.
Психолог мавжуд меъёрий қонунлар, мамлакатда тан олинган тиббий ахлоқ кодексларига риоя қилган ҳолда пациент ва унинг ота-оналари олдида ўз хулосалари, фикр-мулоҳазалари, хатти-ҳаракатларининг салбий оқибатлари учун жавобгардир.
Мазкур йўналиш бўйича фаолият кўрсатувчи психологлар дастлабки фаолияти таҳлилининг кўрсатишича1, пациентларга психологик хизматни ташкил этиш учун логопед ва невропотолог консультациясига юборилган йўлланма асос қилиб олинган.
Соғлиқни сақлаш тизимида психологга мурожаат қилиш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади (1-расм).
Айтиш жоизки, ота-оналарнинг илк бор психологга мурожаат қилишларининг саабаблари оддий қизиқиш тарзида бўлиб, юзаки характер касб этиши мумкин. Жаҳон тажрибаларининг кўрсатишича, агар психолог бола/ўсмирдаги дезадаптациянинг ҳақиқий сабабини аниқлаб унга ёрдам берса, бола/ўсмир билан “тил” топа билса, ота-оналар психологга ўзлари интилиб келадилар. Бунинг асосий шарти пациент билан ўзаро ишончли алоқаларни ўрнатиш, ундаги психологик ҳимоя механизми билан боғлиқ “тўсиқни” олиб ташлаш орқали унинг ҳис-туйғуларига чуқурроқ кириб бориш имкониятини яратишдир.
Оилавий поликлиникаларда тиббий психолог фаолият юритиши учун қуйидаги ишларни амалга ошириш керак:
Муассаса бошлиғи (бош врач) поликлиника ходимларини ва иложи борича аҳолининг етакчи вакилларини махсус йиғиб, аҳолига янги хизмат тури жорий этилаётганлиги, унинг функцияси, вазифалари, аҳамияти, ворислик алоқалари, тиббий-психологик хизматнинг кенг имкониятлари хусусида чуқурроқ маълумот бериши керак бўлади.
Мазкур хизмат тури ҳақида стенд, психолог кабинети эшигига тиббий психолог, унинг фамилияси, исми, қабул соатлари ҳақидаги маълумотни осиб қўйиш лозим.
Поликлиниканинг кўзга ташланадиган жойига қуйидаги матндан иборат эълонни осиб қўйиш даркор.
Шак-шубҳасиз, тиббий психологик фаолиятни ташкил қилиш тамойиллари психологик хизмат шакллари билан белгиланади (1-расм).
1- расм. Оилавий поликлиникалардага психологик хизмат шакллари
Албатта, психолог ўзининг кундалик фаолиятида поликлиникада фаолият кўрсатувчи невропатолог, окулист, логопед, педиатрлар, патронаж ходимлари ва бошқа мутахассислар билан мустаҳкам алоқада бўлиши шарт. Бундай ўзаро ҳаракат психологга:
пациент ҳақида тўлиқ анамнез йиғиш;
псходиагностикани ўтказиш;
конкрет вазиятни чуқурроқ таҳлил қилиш;
ўзгаришларни коррекция қилиш учун шароит яратиш;
комплекс психотерапияни ташкил этиш;
бола/ўсмир билан ва бевосита оила билан профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш имкониятларини орттириб, унинг самарадорлигини таъминлайди.
Поликлиника ходимларининг бола/ўсмирни психологга йўлланма беришларининг асосий кўрсаткичлари қуйидагилар:
болада психомотор ёки интеллектуал ривожланишдан орқада қолиш гумон қилинганда;
ота-оналар шикоятлари асосида мутахассис томонидан аниқлан-ган: а) юқори қўзғалувчанлик; б) тажовузкорлик; в) бошқара билмаслик; г) фобия; д) болалар муассасаларига мослаша олмаслик; е) мактабда ўзлаштиришнинг ёмонлашуви; ж) ўта чарчоқликнинг ортиши; з) уришқоқлик ва ҳоказолар;
оилада номақбул ахлоқий-психологик муҳит мавжудлиги гумон қилинганда;
бола/ўсмир оила аъзоларининг бирида сурункали психосоматик бузилишлар мавжуд бўлган ҳолларда;
ота-оналарнинг ўз тарбиявий усулларидан қониқмаган ҳолатларида;
оила аъзоларидан бирида невротик ҳолат (уйқусизлик, сурункали чарчоқни ҳис қилиш, ғазабноклик, депрессия ва бошқалар) кузатилганда;
оила аъзоларининг бирида психик касаллик аниқланганда ва ҳоказолар.