Материал: 05_07_2018_ЎУҚ_Психологик_хизмат_назарияси_Қодирака

Внимание! Если размещение файла нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

Г.Туляганова, Қ.Абдрахимов

ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТ

НАЗАРИЯСИ ВА АМАЛИЁТИ

Таълим йўналиши: 5А210201-Психология (Умумий психология)

Ўқув-услубий қўлланма

Тошкент-2018

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ

МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ УНИВЕРСИТЕТИ

Г.Туляганова, Қ.Абдрахимов

ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТ

НАЗАРИЯСИ ВА АМАЛИЁТИ

Таълим йўналиши: 5А210201-Психология (Умумий психология)

Ўқув-услубий қўлланма

Тошкент-2018

Г.Тўлаганова, Қ.Абдурахимов. Психологик хизмат назарияси ва амалиёти. Ўқув-услубий қўлланма. –Тошкент: “Ўзбекистон Миллий университети” нашриёти, 2018. - 138 бет.

Мазкур ўқув услубий қўлланма “Психологик хизмат назарияси ва амалиёти” курси давомида талабаларга психологик хизматнинг назарий ва амалий муаммолари ўрганиш методларинини ўргатиш, уларда психологик хизматни ташкил этиш ва йўлга қўйиш кўникмаларини шакллантиришдан иборат бўлиб, психологик хизматни ташкил этишни назарий ва амалий масалаларини кўриб чиқиш, уларни психологик амалиёт билан боғлаш, амалиётчи психологнинг қобилиятлари ва этикавий стандартларини муҳокама қилиш, турли хил ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш тармоқларида психологик хизматни ташкил этишнинг аҳамиятини кўрсатиш, психологик хизматни ташкил этишдаги муаммоларни таҳлил этиш, фанинг асосий тушунча ва тамойилларини ўзлаштиришда талабаларда танқидий тафаккурни ривожлантиришга мўлжалланган.

Тақризчилар: - п.ф.н.,доц. Д.Илхамова

- п.ф.н.,доц. Р.Қудратуллаева

Масъул муҳаррир: п.ф.д. Д.Муҳамедова

Мазкур ўқув-услубий қўлланма Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўқув-услубий Кенгашининг 2017 йил 27 декабрдаги 5-сонли мажлиси қарори билан нашрга тавсия этилган.

КИРИШ

Ижтимоий турмушнинг тобора инсон эзгу нияти билан мувофиқлаштириш маълум жиҳатдан психологик хизматни йўлга қўйиш ва уни такомиллаштиришга боғлиқ. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, амалий, хусусий аҳамиятга эга бўлган муоммоларнинг ечими билан шуғулланиш унинг назарий аҳамиятини камайтиришга олиб келиши мумкин. Худди шу сабабдан амалиёт жараёнида назарий хусусиятли масалаларни ўрганиш, янги маълумотлар олишга пухта негиз ҳозирласа, иккинчи томондан татбиқий жиҳатларни такомиллаштиришга имкон яратади.

Психологик айниятга айланган фикрлашнинг амалий ва назарий таркибларининг уйғунлашуви прогресс, цивилизация моҳиятини янгилик аломатлари билан кенгайтиришга замин ҳозирлайди. Шунинг учун амалий тафаккур ўта содда деган баҳолаш мезонидан воз кечиш, унинг имконияти, маҳсулдорлиги юксаклигига ишонч ҳосил қилган ҳолда йўл тутиш мақсадга мувофиқ. Инсоният томонидан тўпланган билимларни, кўникма ҳамда малакаларни ижтимоий турмушга тадбиқ этиш билан чегараланиб қолмасдан, балки мазкур жараёнларда янгича ёндашув, оригинал муносабат, вазиятга мос тушувчи экспериментал технологияни қўллаш мутлақо янги назарий маълумотларни эгаллашга зарур шарт-шароитлар туғдириши эҳтимол.

Ҳолбуки шундай экан, психологик хизмат кўрсатиш жараёнида ҳал қилинмаган психологик, ижтимоий психологик назарий муаммоларни тадқиқот қилиш икки ёқлама стимул, икки ёқлама таъсир, икки ёқлама интенсив фикрлаш, инсон-табиат муҳит контекстидаги масала ечимига муайян аниқлик киритишга муваффақ бўлган бўлар эди.

Ҳозирги даврнинг ўзига хос муаммоларни ўрганишга бўлғуси психолог мутахассисларга изланиш фаолиятини уюштиришга туртки, йўлланма бериш орқали фаоллаштириш ижобий натижа бериши шак-шубҳасиз. Назарий билимлар амалиётга амалий ечимни топмаган масалалар эса тадқиқот предметига айланиши магистратура босқичи талабаларига касбий тайёргарлиги учун муҳим аҳамият касб этади.

Психологик хизмат кўрсатиш назарияси ва амалиёти фани психодиагностика, психокоррекция, психотерапия соҳалари, социология, ижтимоий фалсафа ва статистика каби табиий илмий фанлар билан алоқадор.

Ишлаб чиқариш жараёнидаги ҳар хил психологик муаммоларни олдини олиш ва уларнинг ечимини топишда профлактик ва коррекциялаш мақсадида мунтазам қўлланилади.

Психологик хизмат назарияси ва амалиётининг долзарб муаммоларини ўрганиш жараёни замонавий педагогик технологиянинг “Кластер”, “Бумеранг”, “Матбуот конференцияси” сингари методлари орқали ҳамда слайдлар, мультимедиа намойишлари билан ўтказилади.

Семинар машғулотлари мавзу бўйича режа ва тавсия қилинган адабиётлар асосида ўтказилади. Магистр мустақил тайёргарлик кўриб, тўплаган билимларини дарс вақтида ҳимоя қилади. Семинар машғулотларини уюштириш бўйича тавсия қилинадиган тахминий мавзулар:

  1. Психологик хизматнингн ташкил этиш тарихи, унинг ташкил этиш муаммолари.

  2. Социал ташкилот (хизмат) фаолиятини режалаштириш.

  3. Шахсни ўзини ўзи камол топтириши.

  4. Амалиётчи психологнинг этикавий тамойиллари.

  5. Амалиётчи-психологнинг махсус қобилиятлари.

  6. Социал хизматда персонални бошқариш.

  7. Психологияда экспериментал парадигма.

  8. Психологияда кечинмалар муаммоси.

  9. Терапевтик ўзаро таъсирлашув.

  10. Индивидуал ва оилавий маслаҳат.

  11. Гуруҳий психотерапия.

  12. Психологик хизмат фаолиятининг йўналишлари.

Изоҳ: Мазкур рўйхатдаги мавзулардан семинар машғулотлари учун ажратилган соатлар ҳажмига мос ҳолда фойдаланиш тавсия этилади.

Мустақил ишни ташкил этишнинг шакли ва мазмуни

Талаба мустақил ишни тайёрлашда фаннинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги шакллардан фойдаланиш тавсия этилади:

- семинар машғулотларга тайёргарлик;

- дарслик ва ўқув қўлланмалар бўйича фан боблари ва мавзуларини ўрганиш;

- тарқатма материаллар бўйича маъруза қисмини ўзлаштириш;

- махсус адабиётлар бўйича фан бўлимлари ёки мавзулари устида ишлаш;

- талабанинг ўқув, илмий-тадқиқот ишларини бажариш билан боғлиқ бўлган фан бўлимлари ва мавзуларини чуқур ўрганиш;

- фаол ва муаммоли ўқитиш услубидан фойдаланиладиган ўқув машғулотлари;

- масофавий таълим.

Тавсия этилаётган мустақил ишларнинг мавзулари:

  1. Кечинмалар психологияси.

  2. Психологияда ўзини ўзи камол топтириш муаммоси.

  3. Маънавият ва шахс марказлашув ёндошуви.

  4. Гуманистик психологияда метод муаммоси.

  5. Психолог ахлоқий тамойилларининг асосий компонентлари тузилмаси.

  6. Болаларга комплекс психологик ёрдам кўрсатишда амалий психологнинг вазифалари.

  7. Психологияда “куйиниш” феномени.

  8. Ёшга кўра психологик маслаҳатни ташкил этиш хусусиятлари.

  9. Психологик хизмат ва унинг самарадорлиги.

  10. Интернат типидаги муассасаларда психолог ишининг ўзига хослиги.

  11. Таълимда психологнинг касбий фаолияти тавсифи.

  12. Бошқа мамлакатлардаги психологик хизмат тажрибалари.

  13. Инқирозли ҳолатларда психологик ёрдам кўрсатиш.

  14. Психологик хизмат кўрсатишни ташкил этиш эҳтиёжларини баҳолашда психологиянинг сифат методларини аҳамияти.

Изоҳ: Мазкур рўйхатдаги мавзулардан мустақил иш машғулотлари учун ажратилган соатлар ҳажмига мос ҳолда фойдаланиш тавсия этилади.

Фан мавзуларни ўтишда замонавий интерфаол методлардан кенг фойдаланиш, ўқув жараёнини янги педагогик технологиялар асосида ташкил этиш самарали натижа беради. Бу борада замонавий педагогик технологияларнинг “Кластер”, “Матбуот конференцияси”, “Бумеранг”, “Мунозарали дарс”, “Блиц”, “Суқротча баҳс”, “Ақлий хужум”, “Думалоқ стол” ҳамда мавзуларга доир слайдлардан фойдаланиш, дидактик ва ролли ўйин усулларини қўллаш назарда тутилади.

1-МАВЗУ: ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТ ТУШУНЧАСИ. ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРИХИ, УНИ ТАШКИЛ ЭТИШ МУАММОЛАРИ.

Режа:

  1. Психологик хизмат тушунчаси ва уни ташкил этиш тарихи.

  2. Социал хизматда персонални бошқариш.

  3. Психологик хизмат бўғинлари.

  4. Психологик хизмат мақсади, мазмуни, объекти.

Психологик хизмат АҚШда 1800 йиллардан бошлаб ривожлана бошлади. АҚШнинг биринчи амалиётчи психологлари ўз-ўзини тарбиялаш муаммосини ўрганган экспериментал психологлардир. Америка мактабларида ақлий тараққиёт коэффицентини аниқлаш кенг тарқалиб, кейинчалик «Гайденс» хизматининг ривожланишига олиб келди.

Француз мактаб психологиясининг отаси Альфред Бине бўлиб, у бу соҳада 1894 йилдан бошлаб иш бошлаган. 1905 йилда Франция таълим вазирлиги Бинега умумий дастур бўйича ўқий олмайдиган болаларни текшириш муаммоси билан мурожаат қилади ва шу тариқа ақлий тараққиётда орқада қолган болаларни ажратадиган Бине-Симон тести яратилди.

1990 йилда Францияда мактаб психологик хизмати ташкил этилади. 1970 йилда Францияда психологик-педагогик ёрдам гуруҳлари психологик хизматнинг асосий турини ташкил этади. Бундай гуруҳлар мактаб психологияси бўйича бир мутахассис, таълим психологияси бўйича бир мутахассис, психомотор ривожланиш бўйича бир мутахассисни ўз ичига олади. Бундай бригада 800-1000 ўқувчига хизмат қилади, бир мактабда жойлашиб, бир неча мактабга хизмат қилиши мумкин.

1985 йилда Франция педагогик психологларининг функциялари аниқлаб берилди. Педагогик психолог шахснинг ҳар томонлама ривожланиши учун қўлидан келган барча ишларни қилиши керак, бунда у мазкур ишларга ўқитувчиларни ва ота-оналарни ҳам жалб этиши мумкин. Педагогик психолог ўз ишида лозим топса, мактаб ва оила тарбиясига қарши чиқиши мумкин, деб махсус таъкидланган.

Кўпчилик Шарқий Европа мамлакатларида мактаб психологик хизмати туман ёки вилоят психологик-педагогик марказлари шаклида ташкил этилган. Масалан, 1980 йилда Чехославакияда тарбия масалалари бўйича модда мактаб тўғрисидаги қонунга киритилди. Психологик хизматнинг асосий мазмуни – соғлом шахснинг ўсишини таъминлаш, шахс ривожланишидаги турли қийинчиликларни коррекция қилиш, касб танлаш муаммоларидир. Чехославакиядаги психолог маслаҳатчининг асосий функцияси психодиагностик фаолиятдан иборатдир.

Собиқ совет психологиясида болалар тарбияси ва таълимида психологиядан фойдаланиш борасида уринишлар педология доирасида вужудга келди. Педология ривожланаётган ва ўсаётган шахснинг барча биологик ва ижтимоий хусусиятларини қамраб олувчи фандир. 1936 йилда педологик қарашларини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинди, шу билан бирга рус психологлари амалга ошираётган бола психологиясидаги ижобий изланишлар ҳам тўхтаб қолди. Фақат 60 йилларнинг охирига келиб, психологларнинг мактаб ишида амалий иштирок этиши қайта тикланди.

Эстон психологлари «тарбияси қийин» ўсмирлар учун махсус мактабларда иш олиб бордилар. 1984 йилда Москвада СССР ФА психология институтида «СССР да психологик хизмат муаммолари бўйича I умумиттифоқ анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда мактабда психологик хизмат секцияси ҳам иш олиб борди.

Собиқ совет Иттифоқида биринчи бўлиб Эстонияда 1975 йилда мактабда психологик хизмат ташкил этилди (раҳбари Х.И.Лийметс, Ю.Л.Сыэрд бўлиб, тарбияси қийин ўсмирлар учун махсус мактабларда иш олиб бордилар). Россияда 1981 йилда мактабларда психолог штати очилди. И.В.Дубровина психологик хизматнинг ривожланишига улкан улуш қўшган, у ушбу мавзуда докторлик диссертациясини ёқлаган ва бир қанча асарлар муаллифидир.

1989 йилда Ўзбекистонда амалиётчи психологларнинг етишмаслиги сабабли Низомий номли ТДПУда амалиётчи психологлар тайёрлаш факультети очилди. Ўзбекистонда психологик хизматнинг ривожланишида М.Г.Давлетшин, Э.Ғ.Ғозиев, Б.Р.Қодиров, Ғ.Б.Шоумаров, В.М.Каримова, Ш.Р.Баратов,Э.Н.Саттаров, Ф.С.Исмагилова, З.Т.Нишанова, Н.С.Сафоев, Ф.И.Ҳайдаров, С.Х.Жалилова ва бошқалар ҳисса қўшганлар. 1998 йилда Ш.Р.Баратов “Таълим тизимида ва ишлаб чиқаришда психологик хизматни ташкил этишнинг психологик хусусиятлари” мавзусида докторлик диссертациясини ёқлаган.

Психологик хизматни 3 нуқтаи назардан қараб чиқиш мумкин:

  1. Илмий нуқтаи назар.

  2. Ташвиқот нуқтаи назар.

  3. Амалий нуқтаи назар.

Фақат мана шу нуқтаи назарларнинг бирлигигина психологик хизмат предметини ташкил этади.

Илмий нуқтаи назар психологик хизматнинг методологик муаммоларини ишлаб чиқишни назарда тутади. Бу йўналиш ижрочиларининг асосий функцияси мактаб психологик хизматида ишнинг психодиагностик, психокоррекцион ва ривожлантирувчи методларини ишлаб чиқиш ва назарий асослашга бағишланган илмий тадқиқотларни ўтказишдан иборат.

Ташвиқот нуқтаи назари халқ таълими ходимларининг психологик билимлардан фойдаланишни назарда тутади. Бу йўналишда асосий ҳаракатлантирувчи шахслар бўлиб, педагоглар, методистлар, дидактлар майдонга чиқади.

Хизматнинг амалий нуқтаи назарини мактаб психологлари амалга оширадилар, уларнинг вазифаси – у ёки бу аниқ вазифани ҳал қилиш учун ота-оналар, ўқитувчилар, синф жамоаси, болалар билан иш олиб боришдан иборат.

Ҳозирги босқичда психологик хизмат фаолиятининг икки йўналиши: долзарб ва келажак йўналишлари мавжуд. Долзарб йўналиш ўқувчилар таълим тарбиясидаги қийинчиликлар, улар хулқ-атворидаги, мулоқотдаги ва шахси шаклланишидаги бузилишлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган.

Келажак йўналиши ҳар бир бола индивидуаллгини ривожлантиришга, жамиятда яратувчанлик ҳаётига психологик тайёрликни шакллантиришга қаратилган. Психолог педагогик жамоа фаолиятига ҳар бир ўқувчи шахси гармоник ривожланиш имкониятлари ҳақида асосий психологик ғояни олиб киради. Икки йўналиш ҳам бир-бири билан боғлиқ.

Коллежлардаги ва академик лицейлардаги психологик хизмат ўрта махсус таълимининг зарурий таркибий қисмидир. Бу хизматнинг зарурийлиги коллеж ва академик лицей эҳтиёжларидан келиб чиқади. Ҳар бир ўқувчида ҳаётга ижодий муносабат ва индивидуал хусусиятларнинг тараққиётини таъминлаганлигини психологик хизмат тўғри ташкил этилган дейиш мумкин.

Психолог ўзининг инсон хулқ атвори ва психик фаолияти, психик тараққиётнинг ёш қонуниятлари хақидаги касбий билимларига, уларнинг ўқувчилар ва катталар, тенгдошлари билан ўзаро муносабат хусусиятларига, ўқув – тарбия жараёнини ташкил этишга боғлиқлигига таяниб, болага индивидуал ёндашув имкониятларини таъминлайди, унинг қобилиятларини аниқлайди, нормадан четлашишларнинг бўлиши мумкин бўлган сабабларини психологик-педагогик коррекция қилиш йўлларини аниқлайди. Бу билан психологик хизмат мактабда ўқув тарбия ишининг маҳсулдорлигини оширишга, ижодий фаол шахсни шакллантиришга имкон беради.

Психологик хизмат уч асосий бўғиндан тузилган:

1) Аниқ ўқув муассасасида ишлайдиган болалар амалий психологи

1) Туман халқ таълими қошидаги ташҳис маркази.

3) Республика касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташҳис маркази.

Психологик хизмат ходимлари барча муаммоларни ҳал қилишда болани ҳар томонлама ва гармоник ривожланиш вазифаларига ва унинг қизиқишларига таянадидлар. Амалиётчи психолог ўз фаолиятини педагогик жамоа ва ота-оналар билан яқин алоқада амалга оширадилар. Психологик хизмат ўз фаолиятида тиббий, дефектологик ва бошқа хизмат турлари билан, бола тарбиясида ёрдам кўрсатувчи жамоачилик ходимлари билан яқин алоқада иш олиб боради. Барча мутахассислар билан муносабат тенглик асосида ва фикрларнинг бир-бирини ўзаро тўлдириши асосида қурилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар тизимидаги психологик хизматнинг мақсади – шахснинг ҳар томонлама гармоник камолоти, тўлақонли психологик тараққиётни таъминловчи қулай шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.

Психологик хизматда тадқиқот ва таъсир ўтказиш объекти мактабгача ёшдаги болалар, ўқувчилар, махсус ўқув юрти ва олий мактаб, коллеж талабалари, ўқувчилар, ота-оналар бўлиб ҳисобланади, уларни алоҳида ёки гуруҳий шаклда тадқиқ қилиш мумкин.

Психологик хизматнинг мазмуни:

а) психопрофилактика,

б) психологик маориф ва маърифат,

в) психодиагностика,

г) психик ривожланитириш ва психокоррекция,

д) психологик консультация.

Психологик хизмат методлари турли туман бўлиши мумкин:

а) халқ таълими ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими ходимлари, ўқувчилар, талабалар билан маърузалар туркуми ва треннинг машғулотлари ўтказиш ва аҳолининг психологик маданиятини ўстириш мақсадида;

б) илмий оммабоп адабиётларни яратиш ва уларни тарқатиш;

в) оммавий ахборот воситаларида чиқишлар;

г) психодиагностик тадқиқотлар ўтказиш, методикалар ишлаб чиқиш (тест савол варақаси, тажриба, кузатиш, суҳбат ва бошқалар);

д) психологик маслаҳат бериш;

е) пcихологик консилиумлар ўтказиш;

ж) таълим ва тарбия берувчи дастурлардан фойдаланиб психодрама, психокоррекцион тренингларни амалга ошириш;

з) психологик тадқиқот объектининг психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўқув дастури, ўқув тарбия режаларини таҳлил қилиш ва ҳоказолар.

Психологик хизмат хақида Низом 6 бўлимдан иборат. Улар:

  1. Умумий қоидалар.

  2. Психопрофилактик ишлар.

  3. Психодиагностик ишлар

  4. Ривожлантирувчи ва коррекцион ишлар.

  5. Психологнинг маслаҳат бериш ишлари.

  6. Психологик хизмат ходимларининг масъулияти акс этган.

Умумий қоидалар қуйидаги бандларни ўз ичига олган.

  1. Психологик хизмат халқ таълими ва олий ўрта махсус таълим тизимининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.

  2. Психологик хизмат мутахассислари барча муаммоларни ҳал қилишда ҳар қайси шахснинг (педагог, ўқувчи, талаба, ота-она) манфаати ва унинг ҳар томонлама гармоник ривожланишидан келиб чиққан ҳолда ёндашади.

  3. Психологик хизмат мутахассислари ўз фаолиятиларини тиббиёт ходимлари, дефектологик хизмат, муҳофаза қилиш ташкилотлари, муайян комиссиялар, балоғатга етмаган ўсмирлар инспекцияси, ота-оналар қўмитаси, ишлаб чиқариш жамоаси, жамоатчилик билан узвий алоқада амалга оширадилар.

Амалиётчи психологлар ўқитувчига берилган барча имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Уларнинг меҳнат таътили муддати барча ўқитувчилар билан баробардир. Ўқувчилар сони 500 гача бўлган мактабларда 1 штат бирлиги психолог ишлаши зарур.

Касб-ҳунар коллеж-ларида ўқувчилар сони 150 та бўлса, 1 штат бирлиги психолог ишлаши зарур. Боғчаларда ҳар 1 боғчада 1 психолог ишлаши мақсадга мувофиқ.

Олий ва ўрта махсус, халқ таълими тизимидаги психологларнинг фаолияти, психологик маслаҳат ва муаммоланинг ижтимоий-психологик фаол усуллари, психокоррекцион, психодиагностика, ижтимоий, педагогик, болалар психологияси соҳалари бўйича умум психологик тайёргарлик олган, психологик ихтисосга эга бўлган мутахассислар томонидан амалга оширилади.

Таянч тушунчалар: Гайденс хизмати, илмий нуқтаи назар, амалий нуқтаи назар, ташвиқот нуқтаи назар.

2-МАВЗУ: ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИНИНГ НАЗАРИЙ-МЕТОДОЛОГИК АСОСЛАРИ.

Режа:

1. Психологик хизматнинг назарий асослари.

1. Психологик хизматнинг методологик асослари.

3. Ўзини ўзи тартибга солиш тамойили.

Маълумки, ижтимоий психология фанида айнан психологик хизмат муаммосига бағишланган ва унинг барча йўналишларини батафсил баён этишга қодир илмий адабиётлар етарли бўлмаса-да, бугунги кунда фан оламида ва жамият тараққиётида психологик хизмат муаммосининг зарурлигини кўрсата олувчи ва унинг "методологик илдизларини" асослаб бера олувчи илмий тадқиқодларни алоҳида қайд этиш мумкин.