Материал: 05_07_2018_ЎУҚ_Психологик_хизмат_назарияси_Қодирака

Внимание! Если размещение файла нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам

Демак, муносабат психологияси бўйича қайд этилган юқоридаги мулоҳазаларнинг ўзига хос методологик асослари (тадқиқотлар) "Муносабатлар тизимини" психологик хизмат жараёнида жиддий ўрганиш ва уни ҳар бир шахсда такомиллаштириш лозим бўлган ижтимоий психологик муҳофаза омили (кўрсаткичлари) сифатида амалий жиҳатдан тадқиқ қилишга даъват этади.

Психологик хизмат жараёни билан боғлиқ шахс муваффақиятли фаолиятининг йўналишига индивидуал-типологик хусусиятларга асосланган ҳаракатларнинг намоён бўлиши киради. Чунки, ҳар бир инсон у ёки бу ижтимоий топшириқни бажарар экан, аввало ушбу топшириқни қанчалик тез, осон ва сифатли қилиб бажариш имкониятига эга бўлсагина мазкур топшириқ шахс камолотига хизмат қила олиши мумкин. Мазкур йўналишдаги психологик муҳофазанинг моҳияти шундаки, ҳар бир шахснинг фаолиятга нисбатан керагидан бир неча баробар ортиқ куч сарфлашга ва осонгина турли муваффақиятсизликларга учрамасликка қарши ўлароқ шахс истиқболини кўзлашга қаратилган тадқиқотлар ва тадбирлар кўлами олдиндан белгиланади. Психологик хизмат жараёни билан боғлиқ шахс муваффақиятли фаолиятининг учинчи йўналиши эса фаолиятга нисбатан фаол ижобий муносабатнинг таркиб топиши ва намоён бўлишидир. Бунда шахснинг фаолиятдан қониқиши, хулқ-атворидаги мотивацион тизимнинг ижтимоий қимматга эга бўлган бошқарувчиликка тааллуқли сифатларини яққол намоён бўлиши кузатилади. Зеро, ҳар жиҳатдан ижтимоий фаолликка хизмат қилувчи сифатлар намоён этилмаган жойда шахс ва жамият уйғунлигининг таъминланиши учун муҳим аҳамият касб этувчи барча имкониятлар қўлдан бой берилади. Ваҳоланки, бундай "имкониятлар"ни ҳамиша "муҳофаза" қилиш нафақат ижтимоий ташкилотларнинг, балки ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Шундай қилиб, психологик хизматнинг методологик асослари сифатида талқин қилинган мазкур фикр-мулоҳазалар ижтимоий психология фанининг қуйидаги амалий-татбиқий йўналишларига бугунги куннинг энг долзарб муаммолари сифатида қарашни тақозо этади.

1. Психологик хизмат ҳар-бир шахснинг фаолиятдан ижтимоий ва ҳиссий қониқиш жараёнини тадқиқ қилишга қаратилган усуллар ва услублар мажмуасига асосланиши лозим;

2. Психологик хизмат шахснинг фаолият жараёнидаги ўз-ўзига, ўзгаларга ва фаолиятга бўлган муносабатларидаги иерархик тизим динамикасини тадқиқ қилиши ва шу тизим асосида ижтимоий психологик муҳитнинг яратилишига замин ҳозирлай олиши билан боғлиқ изланишлар кўламини ўз ичига олади.

3. Психологик хизмат жараёни билан боғлиқ ижтимоий муҳим кўрсаткичларнинг таҳлили ҳар бир шахс фаолияти учун характерли бўлган индивидуал фарқланиш, индивидуал услуб ва ижтимоий установканинг қарор топтирилишини ўрганиш асосида амалга оширилиши мумкин.

4. Психологик хизмат жараёнини ижтимоий психологик муҳофаза воситаси сифатида тадқиқ қилиш муаммоси бугунги кунда ижтимоий психологиянинг энг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади ва бу муаммони бартараф этишда маълум психологик тамойилларга таяниш талаб қилинади.

Таянч тушунчалар: экспериментал парадигма, циклоид, шизоид, интроверт, экстроверт.

3-МАВЗУ: ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИНИНГ АМАЛИЙ АСОСЛАРИ.

Режа:

  1. Психологик маслаҳат беришда қабул қилиш феномени.

  2. Индивидуал ва оилавий маслаҳат.

  3. Гуруҳий психотерапия.

  4. Психопрофилактик ишлар.

Психологик хизмат фаолиятини болалар, ёш ва педагогик психология, психокоррекция, психологик маслаҳат соҳасида умумий психологик ва махсус психологик билимлар олган мутахассислар томонидан амалга оширилади. Психологик хизматга жалб қилинган педагоглар бу мутахассисликни олиш учун махсус қайта тайёргарликдан ўтишлари лозим.

Психолог маслаҳат бериш ишларида қуйидаги ишларни олиб боради:

  1. Болалар, ўқитувчилар, талабалар таълим ва тарбияси билан шуғулланувчи барча шахсларга, жумладан маъмурият (директор, ректор, мудир) ўқитувчилар, мураббийлар, ота-оналар, ижтимоий ва жамоатчилик ташкилотлари, ходимларига аниқ, яққол маслаҳатлар бериш.

  2. Таълим, тараққиёт, тарбия, касб танлаш ва турмуш қуриш, ўзаро муносабат, муомала ва мулоқот сирлари, тенгдошлар ва вояга етмаганлар муносабати, масалан, дунёқараш, қобилият, иқтидор муаммолари юзасидан индивидуал, гуруҳий, жамоавий тарзда маслаҳатлар уюштириш.

  3. Маъмуриятга, болалар, ўқувчилар, талабаларга (ётоқхонада, клубларда, кутубхоналарда) қизиқтирувчи масалалар бўйича болалар, ўқувчилар, талабаларнинг психик ўсиши хусусиятларига оид маълумот бериши, ўғил ва қизларни асраб олиш, оналик ва оталикдан маҳрум қилиш, ташкилотларни ғамхўрлик ва васийлик тўғрисидаги қабул қилган қарорга муносабати, шахс тақдирини ҳал қилишда қатнашиши ва маслаҳатли фикр бериши лозим.

  4. Ота-оналарга боланинг психик ривожланиши хусусиятларини шахс сифатида шаклланиши, ўзаро муносабат мақомлари, бунда фарзандларнинг ёши, жинси, индивидуал-типологик хусусиятлари муаммоси бўйича илмий-амалий маслаҳатлар беради.

  5. Янги типдаги мактабларга ўрта-махсус ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари, академик лицей талабаларига уларнинг имконияти, истиқболи тўғрисида илмий-амалий хусусиятга молик консультатив ишлар олиб бориш: ёшларни саралаш, танлаш, касбга яроқлилик даражасини аниқлаш, танлов комиссиясида маслаҳатчи сифатида иштирок этиш.

  6. Мазкур ишлар ўқувчиларни мактабда, коллежда ва лицейларда ўқитиш давомида психологик-педагогик жиҳатдан чуқурроқ ўрганишга йўналтирилган бўлиб, уларнинг индивидуал хусусиятларини, таълим тарбиядаги нуқсонларнинг сабабларини аниқлашга мўлжаллангандир. Диагностик ишлар гуруҳий ёки индивидуал тарзда ўтказилади. Бу аснода амалий психолог қуйидаги вазифаларни бажаради.

Ёш давр тараққиёти мезонларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида психолог болалар, ўқувчилар, махсус мактаб, ўқувчиларини, акдемик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юрти талабаларини психологик текширувдан ўтказади, уларнинг даражаларини белгилайди. Ўқувчиларнинг касбий яроқлилигини диагностика қилади, уларнинг шахс ҳислатлар, иродавий сифатлари, ҳис-туйғулари, ўз-ўзини бошқариш имконияти, интеллектуал даражасини текширади.

Маслаҳат бериш ишлари-амалиётчи психологнинг асосий фаолият турларидан биридир. Маслаҳат бериш ишлари ўқитувчилар, ўқувчилар, ота-оналар учун олиб борилади. Маслаҳат бериш ишлари индивидуал ва гуруҳий бўлиши мумкин. Амалиётчи психологлар иш тажрибасини умумлаштириш шуни кўрсатадики, ўқитувчилар кўпинча психологга қуйидаги муаммолар бўйича мурожаат қиладилар: турли фанлар бўйича ўқувчиларнинг ўзлаштиришдаги қийинчиликлар, болаларнинг ўқий олмаслиги ва истамаслиги, гуруҳда низоли вазиятлар, шахсий педагогик таъсирнинг натижа бермаслиги, ҳар хил ёшдаги болаларнинг тенгдошлари оила мулоқати ва болалар жамоасининг шаклланиши, касбий малакаларини ошириш йўллари, ўқувчиларнинг қобилиятлари, лаёқатлари, қизиқишларини аниқлаш ва ривожлантириш йўллари, ўқувчилар билан касбга йўналтириш ишларини олиб бориш.

Амалиётчи психологга ўқитувчилар ҳам мурожаат қиладилар:

Катталар ва тенгдошлари билан ўзаро муносабатни яхшилаш масалалари, ўз-ўзини тарбиялаш, касбий ва шахсий ўз-ўзини билиш, ақлий меҳнат ва хулқ-атвор маданияти ва бошқа муаммолар бўйича мурожаат қиладилар.

Психолог ўқувчилар билан бевосита алоқада уларда вужудга келган муаммоларни ҳал қиладилар. Бу тўғридан тўғри маслаҳат бериш деб аталади. Баъзан ўқувчиларга ва ота-оналарга ўқитувчиларнинг у ёки бу муаммолари бўйича маслаҳат беради, бу бавосита маслаҳат беришдир, бунда маълум қоидаларга амал қилишга тўғри келади. Маслаҳат бериш марказида ҳар доим психолог ва маслаҳат берилаётган шахснинг ўзаро таъсир жараёни, улар орасида ишончли ўзаро муносабатни ўрнатиш ётади. Бунда психолог – маслаҳат берувчи, ўқитувчи, ота-она – маслаҳат берилувчи, ўқувчи мижоз ролида бўлади.

Маслаҳат бериш – психологик хизматнинг асосий йўналишларидан биридир. Лекин психологик маслаҳат ўзи нималиги ҳақида ягона тушунча йўқ. Коллежлардаги ёки академик лицейлардаги психолог иши бир-биридан тубдан фарқ қилади. Психолог аниқ ўқув муассасасидаги ўқитувчилар ва ўқувчилар орасидаги муносабатнинг ижобий ва салбий томонларининг, ривожланадиган ижтимоий муҳитнинг ичида бўлади. У ҳар бир ўқувчи ёки ўқитувчининг ўзинигина эмас, шахслараро муносабатнинг мураккаб системасини ҳам кўради, бошқа иш турлари билан биргаликда вазиятни ҳал қилади.

Юқоридаги усулда иш олиб борганда психолог ва ўқитувчи ўз соҳасини яхши билувчи мутахассислар сифатида намоён бўлади.

1. Ўқувчи муаммолари бўйича уларнинг ҳамкорлиги билимларининг бирикувига имкон беради ва муаммоларни ҳал қилиш учун кенг ижодий имкониятлар яратади. Маслаҳат беришнинг асосий аҳамияти ана шунда.

1. Психолог ўқувчилар ва талабаларнинг психологик хусусиятлари, уларнинг қизиқиши, майли, илк иқтидори кабиларни ўрганади, мутахассис ва етук шахс сифатида шаклланишига ёрдам кўрсатади.

3. Мактабгача ёшдаги болалар, ўқувчилар, ҳунар билим юрти тингловчилари янги типдаги мактаб, олий ўқув юрти талабаларида учрайдиган ўқув малакалари ва кўникмаларини эгаллашдаги нуқсонлар хулқ-атвордаги камчиликлар, интеллектуал тараққиёт ва шахс фазилатларидаги бузилишларни диагностика қилади.

4. Бошқа соҳанинг мутахассислари билан биргаликда психик ривожланишдаги нуқсонлар хилма-хиллигини ҳисобга олган ҳолда дифференциал диагностикани амалга оширади. Нуқсонларнинг тиббий ва дефектологик табиатини аниқлайди. Ассоциал хулқ-атвор сабабларини ва шаклларини белгилайди. Гиёҳвандлик ва таксикоманлик, алкоголизм, ўғрилик, дайдиликнинг ижтимоий психологик илдизларини текширади, омилларни таҳлил қилади.

5. Иқтидорли талабалар, ёш мутахассисларни танлашда иштирок қилиш илмий психологик тавсиялар ишлаб чиқиш ва унга асосланиб, уларга нафақалар белгилашда иштирок этади.

Психологик хизматнинг ушбу йўналиши психологдан инсон шахси ва индивидуаллигини таркиб топтириш жарёнида фаол иштирок этишни тақозо қилади. Халқ таълими тизимидаги психологнинг вазифаси психологик хизматни муайян ҳолда, мезонга асосланиб ташкил қилишдан иборат бўлиб, ёш давр хусусиятларига биноан психиканинг ривожланиши, шахснинг шаклланиши қонуниятларини амалиётга татбиқ этиш, ўқитувчилар жамоасига болалар, ўқувчилар ва талабалар таълим ва тарбиясини индивидуаллаштиришда ёрдамлашиш, уларнинг қобилияти, майлини ўсиш даражасига қараб ўқитувчиларга коррекцион ишларни амалга оширишда кўрсатмалар бериш. Психологик хизматнинг ушбу йўналишида алоҳида аҳамият касб этадиган нарса – бу болалар, ўқувчилар, талабалар ўсишида кечикиш, уларда хулқнинг бузилиши, таълимда ўзлаштиришнинг ёмонлашуви кабиларни ўрганиш ҳисобланади.

Психолог болалар, ўқувчилар, талабаларнинг ёш хусусиятларини ҳамда жадал ривожланишини ҳисобга олувчи, уларни психикасининг барча жабҳаларини қамраб олувчи динамик тараққиётга кафолат берувчи дастур ишлаб чиқаришга бутун фаолиятини йўналтиради, ижтимоий ўсиш талабига жавоб берувчи, умуминсоний, этнопсихологик хусусиятлар муҳитида камолатга интилувчи шахсни таркиб топтиришни бош мақсад деб танлайди.

Амалий психолог болалар, ўқувчилар, талабаларнинг психик тараққиётдаги, хулқ-атвор муомаласидаги нуқсонлар ва ҳамда камчиликларни аста-секин тузатиш, коррекция қилиш дастурини ишлаб чиқаради ва амалиётга уни татбиқ этади. Бунинг учун улар билан махсус машғулотлар ўтказади, ижодий қобилиятларни ўстириш мақсадида тренинглар олиб боради.

Коррекцион фаолиятнинг психологик қисми мутахассислар томонидан амалга оширилади. Мазкур ишнинг педагогик жиҳати эса психологнинг педагоглар, ота-оналар билан ҳамкорлигида ўтказилади ва бутун масъулият унинг зиммасига тушади.

Ривожлантирувчи ва коррекцион ишлар психолог томонидан ҳар хил шаклларда, вазиятларда ҳал қилинади:

а) амалий психологнинг махсус иши;

б) машғулот айрим болалар, ўқувчилар, талабалар гуруҳига тарбиявий таъсир ўтказишга йўналтирилган бўлади;

в) ота-оналар педагогик жамоа иштирокида тарбиявий тадбирлар тарзида машғулотлар олиб бориш назарда тутилади.

Ривожлантирувчи психокоррекцион ишлар дастурини шундай тузиш керакки, унда коррекцион ишга жалб қилинувчилар гуруҳининг қадриятга йўналганлиги, этнопсихологик ва этномаданият хусусиятлари ҳисобга олиниши лозим.

Психодиагностик тадқиқотлар қуйидаги вазифаларни ҳал қилади.

1. Диагностика учун маълумотларни олиш. Бунда бола психик ҳолати ва шахси хусусиятлари баъзи белгиларининг кўринишларини ўрганиш мақсадида тадқиқот олиб борилади. Тадқиқотда олинган маълумотлар ёрдамчи характерга эга бўлиб хулқ-атворининг ҳақиқий кузатилган хусусиятлари, унинг психик функциялари, тараққиёт даражаси билан таққослашда фойдаланилади. М, дарсда ўқувчи диққатининг барқарор эмаслиги, диққатини бир жойга тўплашга қийналиши, ақлий иш қобилиятининг пастлиги, тез чалғиши ва бошқалар билан ажралиб туради. Лекин хулқ-атворнинг кўрсатилган белгилари бола хулқ-атвори эҳтиёжлари ва мотивлари иерархиясининг /босқичма-босқич/ ўзгариши натижаси бўлиши мумкин. Бунда ўқитувчи шахс нормал ҳолати кўринишларидан бирига ёки мия етишмовчилигининг функционал белгиларига дуч келади. Иккала ҳолатда ҳам у ёки бу ўқувчи ўзлаштириши ва интизомнинг пасайиши ташқаридан сезилса-да, психодиагностик тадқиқотларда ўрганилаётган ўзгаришлар манбаалари, ривожланиши ва келгусида қандай бўлиши, психологик ҳолат белгилари ҳам ўрганилади.

Психодиагностик тадқиқотлар бола психик функциялари ривожланиш даражасининг, ақлий тараққиёт даражаси, ёш ва маълумот билан ўзаро боғлиқлигини ўрганиш учун ҳам ўтказилади. Бу тадқиқотлар болада маълум қизиқишлар, амалий малакалар ва касб танлаш пайти келганда жуда муҳимдир.

2. Психик тараққиёт ўзгаришини ўрганиш учун зарур маълумотларни тўплаш. Агар «кўндаланг кесим» методлари орқали психодиагностик тадқиқот маълум босқичда бола психик тараққиёти даражасини, яъни психик функциялар ривожланиши лолзарб зонаси аниқланадиган бўлса, «узунасига кесим» (лонгитюд) психодиагностик тадқиқотларда бола психик ҳаёти тараққиёти хусусиятлари ривожланишида, яъни таълим ва тарбия жараёнида ўрганилади.

3. Ақлий заифлик даражасини ёки бошдан кечирган касаллик туфайли психик камчиликларни аниқлашга қаратилган психодиагностик тадқиқотлар махсус ёки ёрдамчи мактабда ўқиши хақида масала ҳал бўлаётганда тиббий педагогик ҳайъат (комиссия) томонидан фойдаланиши мумкин.

4. Болада пайдо бўлган етарлича ўрганилмаган янги психик ҳолатларни таҳлил қилиш учун илмий мақсадда психологик тадқиқот ўтказиш. Вазифа бундай қўйилганда, тадқиқотчиларни қизиқтирган масала бўйича катта гуруҳларда тадқиқотлар ўтказилади. У ерда олинган натижаларнинг статистик ишончлилиги муҳим аҳамият касб этади.

Амалиётчи психологлар иш тажрибасини таҳлил қилиб, биз психологик хизмат доирасида алоҳида диагностик иш, алоҳида коррекцион иш ҳақида гапириш мумкин эмас деган хулосага келдик. Психологик хизматда диагностик-ривожлантирувчи йўналишлар ишнинг ягона йўналишлардир. Д.Б.Элькониннинг таъкидлашича, болаларни танлаш учун, аниқланган четлашишларни тузатиш мақсадида психик тараққиётни назорат қилишга йўналтирилган махсус диагностика зарур. Унинг таъкидлашича, тараққиётда бўлиши мумкин бўлган четлашишларни эртароқ тузатиш учун психик тараққиётни назорат қилиш зарур. Амалиётчи психолог фақатгина диагноз қўйиш билан чекланмасдан, кейинги ривожланиш дастурини ишлаб чиқади, ўзи берган тавсияларнинг бажарилишини назорат қилади, коррекцион ва ривожлантирувчи ишларни ўзи ҳам олиб беради.

Амалиётчи психологнинг диагностик-коррекцион иши мураккаб фаолият турларидан бири бўлиб, махсус психологик тайёргарликни талаб қилади. Амалиётчи психологнинг диагностик коррекцион фаолияти мураккаб, жавобгарликни талаб қилиши билан бирга, кам ишлагандир. Бу жараён биринчи бўлиб, тарбияси қийин ва нормал болаларни ўрганишга бағишланган педалогик тадқиқотларда Л.С.Выготский томонидан қўлланган. Бу схема бўйича И.Шванцара шахс тараққиётини диагностика қилишнинг босқичли экспериментал-психологик нуқтаи назарини таклиф этади.

Бу босқичлар қуйидагилар:

  1. Психологга расмий илтимос.

  2. Психологик муаммони аниқлаш.

  3. Тадқиқот методини танлаш.

  4. Психологик диагноз қўйиш.

  5. Амалий тавсиялар.

Психологнинг расмий илтимосга жавоб тарзидаги ишини биринчи нуқтаи назар сифатида психологнинг ёки бу тарбияси қийин ўқувчига нибатан ўқитувчининг маълум ижтимоий талабига жавобини кўрсатиш мумкин. Бу ҳолда ўқувчига «тарбияси қийин» ташҳиси /диагнози/ ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, вояга етмаганлар иши бўйича назорат ходимлари томонидан қўйилган бўлади. Психологнинг вазифаси-қийинчиликларнинг сабабларини аниқлаш ва уларга мос тузатиш /коррекция/ методларини топишдан иборат.

Психопрофилактик иш-амалиётчи психологнинг энг кам ишланган фаолият турларидан бири ҳисобланади. Психопрофилактика муаммолари кўпроқ америка адабиётларида акс этган.

Психопрофилактикада уч босқич ажратиб кўрсатилади:

Биринчи босқич дастлабки профилактика деб аталади. Бу босқичда психолог соғ болалар билан ишлайди ёки мактабдаги барча ўқувчиларни қамраб олади. Кўпчилик муаллифларнинг таъкидлашича, мактаб психик соғлиқ профилактикаси учун қулай ҳисобланади. Улар мактаб психологларини дастлабки профилактикани ўтказадиган мутахассислар деб тан оладилар.

Иккинчи босқич профилактика муаммолари мавжуд болаларга қаратилади. Унинг мақсади – ўқишдаги ва хулқ-атвордаги қийинчиликларни иложи борича эрта аниқлаб, уларни йўқотишдан иборатдир. Иккинчи босқичда ота-оналар ва ўқитувчиларга маслаҳатни ҳам ўз ичига олади /боланинг ўқиши ўзгариши учун таълим услубини ўзгартириш/.

Учинчи босқич. Психолог ўқишдаги ва хулқ-атвордаги яққол кўриниб турадиган муаммолари бор болаларга ўз диққатини қаратади. Профилактиканинг дастлабки мақсади – жиддий психологик қийинчиликларни ва муаммоларни йўқотиш ва тузатишдан иборат. Психолог олдига келган бола билан алоҳида ишлайди. Мактаб психологининг асосий кучи учинчи босқичга, яъни «тарбияси қийин» болаларга қаратилади ва ўқувчиларнинг асосий қисми психолог эътиборидан четда қолиб кетади.

Ҳозирги америка психологлари мактаблардаги психологик хизматни психик соғлиқ хизмати сифатида фаолият кўрсатишнинг тарафдори бўлиб чиқмоқдалар.

Психопрофилактика амалиётчи психолог фаолиятининг махсус тури бўлиб, мактабдаги барча ўқувчилар учун шарт-шароитларни яратишдан иборат.

Шундай қилиб, психолог профилактик ишининг асосий вазифалари қуйидагилар:

  1. Ҳар бир ёш босқичида инсоннинг шахс сифатида шаклланиши, ақлан баркамолликни таъминлашнинг оқилона шарт-шароитларини яратиш.

  2. Шахс камолоти ва интеллектуал тараққиёти бўсағасида вужудга келиши мумкин бўлган психологик нуқсонлар ва бузилишларни ўз вақтини олдини олиш ҳисобланади.

Таълим тарбия жараёнида ўқувчиларга индивидуал ёндашув зарурлиги ҳамма томонидан тан олинган, лекин ундан амалда фойдаланиш асосан иш эмас. Бунга мактабда ўқитувчиларнинг бола ҳақида кўп гапиришлари далил бўлади. Чунки мактабда ўқувчининг қобилиятлари, шахснинг асосий ҳислатлари ҳақида чуқур ва ҳар томонлама маълумот берадиган мутахассис йўқ.

Таълим тарбиядаги индивидуал ёндашув, болани бошқалардан ажратиб индивидуал ўқитишни билдирмайди, балки шахснинг у ёки бу ҳислатларининг шаклланишида махсус шароитларни ҳисобга олиш, ҳар бир ўқувчининг индивидуал психологик хусусиятларини илмий асосда тушунишни англатади.

Психологияда шахснинг индивидуал хусусиятлари деганда бир шахсни иккинчи шахсдан фарқлайдиган хусусиятлар тушунилади.

Индивидуал ёндашувнинг вазифаси – ривожланишнинг индивидуал усулларини аниқлаш, боланинг имкониятларини ҳар бир шахснинг фаоллигини таъминлашдан иборат. Бу нуқтаи назардан олганда индивидуал ёндашув фақатгина «тарбияси қийин» болаларга эмас, барча ўқувчиларга ҳам зарурлиги тушунарли бўлади. Коллеж психологлари бу усулни у ёки бу шаклда қўллайдилар, чунки бу кўзга ташланиб турган қийинчиликлар билан биргаликда, бола шахсий тараққиётининг баъзи яширин нуқсонларини ҳам топишга ёрдам беради.

Бундай диагностик ишининг асосий мақсади – ўқувчи психик тараққиётининг умумий ҳолатини билишдан иборат. Бундай кўп қиррали ва тўлиқ диагностика натижалари психолог учун ҳам, ота-оналар, ўқувчилар учун ҳам «тарбияси қийин» бола билан олиб бориладиган тузатиш ва ривожлантириш ишларининг йўлларини аниқлаш имконини беради. Бу усул ютуқлар билан бирга, камчиликларга ҳам эга.

Биринчидан, бу усулни қўллаш жуда кўп вақтни олганлиги учун, уни амалга оширишнинг ҳар доим ҳам иложи бўлмайди. Бу усул кўп вақтни талаб қилганлиги учун фақатгина психолог эмас, «тарбияси қийин» ўқувчи ҳам чарчайди, текширувда иштирок этишдан бош тортади, топшириқларни ўзи сезмаган ҳолда номига бажаради. Тажрибадан маълум бўлишича, айниқса оғзаки методикалар қанчалик тўлиқ бўлмасин, қийинчилик туғдиради. Бундан ташқари бундай методиклар шахсни тўлиқ характерлаш учун етарли бўлмайди.

Расмий илтимосга қандай муносабатда бўлиш керак? Коллеж психологи жавоб берадиган биринчи савол мана шу. Расмий илтимосга икки хил муносабат, икки хилма-хил иш услуби мавжуд.

Биринчиси, расмий илтимосга ўзига хос бўлмаган жавоб қайтаришдир. Бу икки усул билан амалга оширилади.

Биринчидан, расмий талабга жавоб тарзида унинг мазмунига боғлиқ бўлмаган ҳолда психодиагностик методлар тўплами қўлланилади.

Иккинчидан, расмий талабга ўзига хос жавоб қайтаришнинг усули бўлиб, машҳур америкалик психолог К. Роджерс психология фани ва амалиётига киритган психологик иш тўғри ҳисобланади. Унинг фикрича, «тарбияси қийин» бола билан ишлаш учун, расмий талабнинг мазмуни қийинчиликлар сабабларини тушунишга тенг, лекин бу муҳим аҳамиятга эга эмас. Бола шахсини ривожлантирадиган шундай шароит яратиш керакки, бу шароит уни хулқ-атворнинг салбий шаклларидан воз кечишга ва янги ижобий шаклларини яратишга мажбур қилсин.

Расмий илтимосга ўзига хос бўлмаган жавоб қайтаришга тескари услуб – бу расмий талабга қатъий мос тушадиган диагностик методикаларни танлашдан иборат: Масалан: ёмон ўзлаштириш ҳақида шикоят тушганда, биринчи навбатда билиш жараёнларининг тараққиёти таҳлил қилинади. Бундай диагностика ўзлаштирмаслик сабабларини аниқлай олмасагина, бошқа кўрсаткичлар қаралади. Диагностика натижаларига мос равишда, кўпинча тренинг турида амалга ошириладиган тузатиш ишлари олиб борилади. Масалан: хотира кучсиз ривожланганда, уни махсус машқ қилдириш мақсадга мувофиқ, ихтиёрийлик етарли даражада ривожланмаганда, уни шакллантиришнинг махсус дастурлари киритилади.

Таянч тушунчалар: расмий талаб, психодиагностика, индивид, психотерапия, “кўндаланг кесим” методи, тренинг.

4-МАВЗУ: ПСИХОЛОГИК ХИЗМАТ ФАОЛИЯТИНИНГ ЙЎНАЛИШЛАРИ.

Режа:

  1. Психологик хизмат фаолиятининг йўналишлари.

  2. Ўзбекистонда психологик хизмат йўналишлари ва ҳозирги ҳолати.

  3. Инқирозли ҳолатларда психологик хизмат.

Психологик хизмат-ижтимоий психологик муаммо сифатида талқин қилинар экан, барча ривожланган мамлакатлардаги каби, Ўзбекистонда ҳам мазкур психологик хизмат муаммосининг қай тариқа ва қандай илмий-ташкилий асосларда бартараф этилаётганлигини ўрганиш, таҳлил қилиш ва талқин қилиш муҳим аҳамият касб этади. Чунки, Республикада психологик хизматга оид олиб борилаётган назарий-илмий ва амалий-услубий тадқиқотлар кўламига маълум тартибда баҳо бермай туриб, Ўзбекистонда психологик хизматни янада такомиллаштириш ва ривожлантириш масаласи ҳақида фикр мулоҳаза юритиб бўлмайди.

Ўзбекистонда психологик хизмат таркиб топишининг дастлабки илдизлари ва интиҳоси асримизнинг 30-йилларидаги педалогия фани ва педалогик хизмат фаолиятларига бориб тақалади. Архивдан олинган маълумотларга қараганда, мазкур йилларда таълим жараёнини ташкил этиш ва ривожлантириш ўқувчи ва ўқитувчи фаолияти билан боғлиқ психологик омилларга асосланган ва бу талайгина яхши натижалар ҳам берган. Педагогик психология йўли билан бажариладиган барча ишлар мактабда фақат педагогик ёндашувлар асосидагина амалга оширилди. Шундай бўлса-да, Ўзбекистондаги умумтаълим тизими билан боғлиқ изланишлар ва тадқиқотлар тўхтаб қолгани йўқ. Айниқса, П.И.Иванов, В.Э.Чудновский, М.Г.Давлетшин, М.Воҳидовлар томонидан ишлаб чиқилган қатор илмий ва методик тавсиялар мактабда психологик хизмат татбиқини яратиш учун маълум даражада асос бўлиб келди. Бинобарин, 70-80-йилларда Тошкент Давлат Университети психология кафедраси олимлари томонидан ижтимоий психологик тадқиқотларнинг ҳаётга татбиқини амалга ошириш мақсадида талайгина меҳнат жамоаларида психологик хизмат тизими жорий қилинди ва Республикамизда илк бор қатор меҳнат ва ишлаб чиқариш жамоаларида инсон ва меҳнат фаолияти, шахс ва шахслараро муносабатлар, ишчи ва раҳбар, руҳият ва рентабеллик, раҳбар ва жамоа психологияси билан боғлиқ илмий-амалий ишлар олиб борилди. Масалан: "Тошкентигрушка" фабрикасида 165/86 рақамли хўжалик шартномаси асосида олиб борилган ижтимоий психологик иқлимни таҳлил қилиш, ўрганиш ва яхшилашга қаратилган ишлар кўлами, "Ўзбекгазпром" тизими ташкилотларида инсон омилларини ўрганиш ва ундан ишлаб чиқаришда унумли фойдалана олиш йўлларни ижтимоий психологик жиҳатдан асослаб бериш борасида олиб борилган илмий -амалий ишлар кўлами (мазкур ишлар: 154.4 мавжуд шифри ва 01840083351 рақамли Давлат қайдномаси асосида расмийлаштирилган), Муборакгазни кайта ишлаш заводи меҳнат жамоаларидаги ижтимоий психологик хизматнинг ташкил этилиши (УДК 151.1 Давлат рўйхати рақами 000701604) ўрта Осиё илмий текшириш ирригация институти (САНИРИ - 165/83 рақамли шартнома ва УДК - 154.4 Давлат рақами 01840085618 асосида расмийлаштирилган) да бажарилган комплекс ижтимоий психологик ишлар кўлами шулар жумласидандир. Кафедра олимлари З.Р.Душабоев, Э.Ғ.Ғозиев ва В.А.Токаревалар раҳбарлигида олиб борилган мазкур ишлар кўлами нихоятда кенг қамровли илмий-амалий ва ижтимоий-психихологик тадкикотлар татбиқи учун муҳим аҳамиятли эканлиги билан алоҳида ажралиб туради.