Материал: 05_07_2018_ЎУҚ_Психологик_хизмат_назарияси_Қодирака

Внимание! Если размещение файла нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам

Мазкур адабиётларни таҳлил қилар эканмиз, улардаги психологик хизмат методологиясига тааллуқли айрим умумий жиҳатларни ижтимоий психология фани нуқтаи назаридан тадқиқ қилишимизга тўғри келади.

Чунончи, барча тадқиқотчилар ҳам ижтимоий, психологиянинг методологик тамойилларига амал қилган ҳолда психологик хизмат учун муҳим бўлган у ёки бу жиҳатни назарий-илмий тарзда асослаб берадилар. Булар ичида психологик хизматнинг муваффақиятли ташкил этилиши учун муҳим назарий-илмий аҳамият касб этувчи ижтимоий психологик вазафаларни аниқлашга қаратилган тадқиқотларни Г.М.Андреева, М.Г.Давлетшин, Ю.М.Забродин, Д.Карнеги, В.М.Каримова, Б.Д.Паригин, Т.В.Снигирева, А.В.Филиппов, П.Н.Шихирев, Ғ.Б.Шоумаров, В.А.Ядов, Э.Ғ.Ғозиевлар; шахс фаоллиги билан боғлиқ тадқиқотларни К.А.Славская, Э.А.Ануфриев, Л.П.Гримак, Б.Ф.Ломов, Н.С.Лейтес, Э.А.Голубева, Б.Р.Қодиров, А.И.Липкина, В.А.Петровский, С.Л.Рубинштейн, Б.Р.Қодировлар; ижтимоий установка билан боғлиқ тадқиқотларни А.Г.Асмолов, Ш.А.Надирашвили, Д.Н.Узнадзе, П.Н.Шихиревлар; ижтимоий эҳтиёжлар ва фаолиятдан қониқиш билан боғлиқ тадқиқотларни Л.И.Божович, А.А.Братко, В.К.Вилёнас, Б.И.Додонов, Т.А.Китвел А.Ҳ.Масловлар; талим муассасаларида психологик хизмат моделини тадқиқ қилишга бағишланган тадқиқотларни М.С.Бреинштейн, Л.В.Дубровина, У.В.Кала, В.В.Рудик, Х.О.Леймец, Г.О.Маттес, Ю.М.Пратуивич, Ю.Л.Сиердлар; меҳнат жамоаларида психологик хизмат вазифаларини белгилашга қаратилган тадқиқотларни В.И.Герчиков, О.И.Зотова, К.Изард, Г.А.Ишутина, Г.А.Ковалев, А.Леонова, В.Г.Лоос, И.И.Попова, В.Д.Паригин, Т.И.Саксакулм, С.М.Сайлуслар ҳамда оилавий ҳаётни ташкил этишдаги психологик хизмат учун муҳим жиҳатларни асослашга қаратилган тадқиқотларни М.Аргой, А.А.Бодалев, В.В.Столин, В.М.Каримова, С.В.Ковалев, Н.А.Соғинов, Ғ.Б.Шоумаровларнинг илмий изланишларини алоҳида қайд этиш мумкин. Бу эса психологик хизматнинг бугунги кундаги айрим долзарб жиҳатлари, муаммолари ва унинг ечимлари ҳақида ўйлашга, фикр мулоҳаза юритишга ва ўз тадқиқотимиз вазифаларини белгилаб олишга назарий - илмий ва методологик манба сифатида ёрдам беради, деб ўйлаймиз. Ижтимоий психология методологияси, принциплари ва вазифаларини белгилашга қаратилган тадқиқотлар мазмунида психологик хизмат муаммосининг ҳам маълум маънода яшириниб ётганлигини кўрамиз. Зеро, бугунги кунгача яратилган барча ижтимоий психологик принципларнинг асосий мезонлари бўлган "шахс ва фаолият бирлиги", "онгнинг фаолиятда тараққийси", "муомала", "индивидуал ёндошув" "муносабат", "туннуш тарзи", "ижтимоий установка", "борлиқни объектив ва субъектив акс эттириш", "жамоа", "ижтимоий қониқиш", "ижтимоий хулқ-атвор" кабиларнинг жамиятдаги амалий ўрни ва истиқболини психологик хизмат тадбиқисиз тўлиқ тасаввур этиб бўлмайди. Айниқса, олимлар томонидан бугунги кунда ижтимоий-психологик ҳодисаларга инсон тараққиёти ва қадриятлари асосида ёндошув муаммосининг М.Г.Андреева, Ю.М.Забродин, Д.Карнеги, Э.Ғозиев, В.М.Каримова, И.С.Кон, C.И.Коралев, Б.Д.Паригин, Э.В.Шорохова, Б.Шоумаров ва шахс ва фаолият уйғунлигини таъминлашга хизмат қилувчи психологик ёндашувни таъминлаш муаммосини Абулханова-Славская, Ж.Брунер, Л.С.Вигоцкий, М.Г.Давлетшин, У.Джемс, А.Г.Ковалев, А.Н.Леонтьев, А.В.Петровский, С.Л.Рубинштейн, В.А.Токарева, Д.И.Фелдиштейн, Э.Фромм, Б.Р.Қодировлар томонидан ўртага ташланиши психологик хизмат методологияси ҳақида жиддийроқ ўйлашни ва мулоҳаза юритишни тақозо этмоқда.

Бугунги психология фани тараққиёти аньаналари билан боғлиқ инсоннинг амалий психологиясини, унинг жамиятдаги ижтимоий фаоллиги ва ижтимоий табиатидан ажратиб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, инсон омилларини ва унинг жамиятдаги ижтимоий жараёнларини тўғри ва самарали бошқариш жараёни жамиятга ва жамият аьзоларига психологик хизмат кўрсатиш муқаррарлигини талаб қилади. Ваҳоланки, иқтисод, ҳуқуқ, этика, этнография, тарих, социология ва шу каби барча фанларнинг ўзаро мустаҳкам ҳамкорлиги натижасида инсон психологиясининг амалий муаммолари ҳал этилиши лозим.

Ҳозирги замон ижтимоий психологик тадқиқотлар масаласи, айниқса унинг амалий вазифалари социал психология фанининг марказида турувчи психологик ва социологик ёндашув йўналишлари асосида ҳал қилинмоқда. Масалан, Америка ва бошқа барча ғарб давлатларида икки хил ижтимоий психология: "психологик ижтимоий психология" ва "социологик ижтимоий психология" мавжуд. Бу йўналишлар бир-бирига ўхшаса-да, уларнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари ҳам мавжуд. Яъни, психологик ижтимоий психология шахс ва фаолият, муомала, шахслараро муносабат, шахснинг ижтимоий-психологик тузилиши, шахснинг когнитив, конатив, хулқ-атвор имкониятларини ўз ичига олган ижтимоий установкалар, шахс ва жамоанинг ижтимоий-руҳий кечинмалари каби муаммолар устида тадқиқот олиб боришни мақсад қилиб олган бўлса, социологик ижтимоий психологияда эса кўпинча жамиятнинг ижтимоий қатламларини таҳлил қилиш халқлар психологияси, оммавий ҳодисалар психологияси, синфлар, гуруҳлар, гуманистик психология кабиларга алоҳида урғу берилади. Психологик хизмат методологияси эса кўпроқ биринчи йўналиш – "психологик ижтимоий психология" асослари замирида таркиб топтирилади. Гап шундаки, ҳар бир фаннинг ривожланиши янги далиллар асосида илмий йўналишни очиб берувчи методик қурилмаларнинг тузилиши билан бевосита боғлиқдир. Чунки, аниқ методология бўлмаган соҳада аниқ амалий натижалар ҳам бўлмайди. Зеро, ижтимоий психология фанининг яна бир муҳим янги вазифаси психологик хизмат методологияси билан боғлиқ назарий, амалий ва эмпирик йўналишдаги тадқиқотлар кўламини белгилашнинг бугунги кунгача нечоғлик ҳал қилинаётганлигини таҳлил қилишга тўғри келади. Бу борада психология оламида ҳанузгача аниқ ва мукаммал тарзда ишлаб чиқилган ва расмий тарзда тан олинган ягона илмий йўналиш ёки концепциянинг қабул қилинмаганлиги аён бўлса-да, илғор ғарб психологлари, МДҲ и психологлари ва Ўзбекистон психологлари томонидан олиб борилган ва олиб борилаётган фан олами учун ўзига хос салоҳиятга ва нуфузга эга бўлган тадқиқотлар мавжудки, улар қайсидир жиҳати билан психологик хизмат модели ва унинг психологик ҳимоя воситаси сифатидаги моҳияти, аҳамияти ва ижтимоий истиқболлари ҳақидаги илмий-амалий тасаввурларимизни шакллантиришга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Илмий адабиётлардан бизга маълум бўлишича, ижтимоий психологик хизмат методологиясининг умумий йўналишлари Ғарб ижтимоий психология намоёндалари тадқиқотларини қуйидагича изоҳлаш мумкин: В.Вундтнинг 1900 йилда чоп этилган "Халқлар психологияси" номли йирик (ўн томлик) эпик асари ижтимоий психология йўналишларини ёрқинлаштиришга хизмат қилиб, инсон маънавияти, маданияти ва мафкурасини ўрганишнинг мураккаб томонларини очиб берди. Таниқли инглиз ипсихологи Вилям Макдугаллнинг 1908 йилда ёзилган "Ижтимоий психологияга кириш" асаридаги "ижтимоий хулқ-атвор инстинктлари" назарияси фрейдизмга қарши ўлароқ инсон инстинктлари ва фаолият уйғунлигини таъминлаш муаммосини ёритишга илк бор асос бўлиб хизмат қилди. Бинобарин, Э.Фромм, Ж.Саливен, В.Шутц, Г.Шепарде, В.Баён каби олимлар томонидан гуруҳлар психологияси назариясини яратишга асос солинди. Бунда турли хил ижтимоий психологик тренинглар орқали гуруҳдаги шахслараро муносабатлар билан боғлиқ психологик иқлимни камол топтириш йўлларининг илк бор кўрсатилиши меҳнат жамоаларидаги ижтимоий психологик хизмат вазифаларини белгилаш учун маълум даражадаги эмпирик маълумот сифатида хизмат қилиши мумкин.

Ғарбда яратилган когнитивизм доирасидаги назариялар психологик хизмат методологияси учун муҳим аҳамиятга эга. Чунончи, Л.Фестингернинг когнитив диссонанслар назарияси (инсоннинг фаолият объектига нисбатан хулқ-атвори ёки муносабатини онгли равишда ўзгартиришга асосланган), Т.Нюхомнинг ҳамкорлик коммуникатив назарияси (ўзгаларга ва умумий фаолият объектига ижобий муносабатларни таркиб топтиришга асосланган), Ч.Осгуд ва П.Таненбауманинг "конгруентлик" (инсон когнитив тузилиши асосидаги объектни баҳолашга қаратилган) назарияси, Г.Олпорт, А.Маслау, К.Роджерс каби ижтимоий психологларнинг гуманистик доирадаги қатор тадқиқий изланишлари шулар жумласидандир. Яна шуни қайд этиш керакки, америкалик таниқли психолог Абраҳам Харорд Маслаунинг "Инсонга бир бутун ёндашув концепцияси" психологик хизмат жараёнида инсонни тушуниш ва ижтимодй мотивацион ривожлантириш муаммоси устида тадқиқотлар олиб борилиши учун муҳим аҳамият касб этади. Маслаунинг фикрича, инсоннинг барча туғма потенциал имкониятлари фақатгина ижтимоий шарт-шароитнинг яратилиши билан рўёбга чиқиши ва камол топиши мумкин. Албатта, мазкур фикрларнинг не чоғлиқ ҳақиқат эканлигини бугунги кунда ҳар бир инсоннинг ўзига хос ва унинг ижтимоий - тараққиётини таъминлашга хизмат қилувчи имкониятлари кўламини ўрганиш ва тарбиялашни асосий вазифа қилиб олган психологик хизматнинг ташкил этилишини мунтазам кузатишларимиз натижалари тасдиқлаб турибди.

А.Маслоу фан оламида ўзига хос "мотивацион тизимнинг иерархик модели" ни яратдики, унга мувофиқ индивид хулқ-атворидаги ижтимоий жиҳатдан муҳим бўлган юқори эҳтиёжларнинг йўналиши қуйи эҳтиёжларнинг қай тариқа қондирилиши асосидагина таркиб топиши мумкин. Бу жараён қуйидаги тартибга эга:

1) Физиологик эҳтиёжлар.

2) Хавфсизлик эҳтиёжлари.

3) Меҳр ва садоқат эҳтиёжлари.

4) Тан олиш ва баҳолаш эҳтиёжлари.

5) Ўз-ўзини ҳар томонлама ривожлантириш эҳтиёжлари.

Дарҳақиқат, мазкур иерархик тизим мотивациясининг илмий жиҳатдан асослаб берилиши биринчидан, ижтимоий психологиядаги эҳтиёжлар ва мотивлар билан боғлиқ қатор тадқиқотларга ҳамоҳанг бўлса, иккинчидан, мазкур йўналишдаги психологик хизмат методологиясини яратиш учун алоҳида истиқболга эга. Чунки, психологик хизматда инсоннинг ижтимоий эҳтиёжлари муаммоси илмий жиҳатдан тўғри талқин қилиниши ва тўғри йўналтирилиши лозим. Бу борада қатор таниқли социолог, психолог ва файласуфлар томонидан эътироф этилган илмий мулоҳазаларга таяниш мумкин. Масалан, Д.Н.Узнадзенинг "... эҳтиёж тушунчаси ... тирик организм учун зарур бўлган ва айни пайтда қўлга киритилмаган барча нарсаларга тааллуқли" ва М.С.Каган, А.В.Маргулис, Е.М.Эткиндларнинг "эҳтиёж бу-керакли нарсаларнинг етишмаслик оқибати", В.А.Ядовнинг "эҳтиёж-инсон шахси ва организм фаолияти учун керак бўлган зарурат ва етишмовчилик маҳсули" Л.И.Божовичнинг "эҳтиёж-индивид организми ва у шахс тараққиёти учун муҳим бўлган зарурат". А.В.Петровскийнинг "эҳтиёж – жонли ҳаёт кечиришининг конкрет шарт-шароитларига унинг қарамлигини ифода этувчи ва бу шарт-шароитларга нисбатан унинг фаоллигини вужудга келтирувчи ҳолатдир" каби фикрлари шахс тараққиётини таьминлаш йўлида эҳтиёжларнинг биологик ва ижтимоий уйғунлигини ҳисобга олган ҳолда психологик хизматнинг навбатдаги вазифаларини белгилаш имконини беради.

Психологик хизмат методологиясини яратишда инсоннинг ҳиссий ҳолатини тушуниш ва унинг ўз меҳнати маҳсулларидан ижтимоий қониқиш жараёнини таҳлил қилиш ва ривожлантиришга бағишланган айрим тадқиқотларнинг ўрни ва истиқболига ҳам алоҳида эътиборни қаратиш лозим, деб ўйлаймиз. Масалан, Ф.Херцберг ва унинг издошлари томонидан меҳнат фаолиятини ташкил этишдаги эмоциоген фарқланиш механизмлари тадқиқ қилинди. Мазкур изланиш маҳсулига кўра меҳнат фаолиятини ташкил этишда ижодийлик, мустақиллик, ўз-ўзини билиш, ривожлантиришга қаратилган тадбирларга эътибор берилса шахс фаолияти унумдорлигига ижобий таьсир этувчи ҳиссий кечинмаларни ва аксинча, фақат техник жараёндангина иборат бўлган меҳнат шароити яратилса шахс фаоллигига салбий таьсир этувчи ҳиссий кечинмаларнинг намоён этилиши кузатилади. Дарҳақиқат, фаолиятнинг бажарилишига нисбатан ижобий-ҳиссий кечинмалар шакллантирилмас экан, фаолият маҳсули ҳам инсоннинг ўз фаолиятидан ижтимоий маьнодаги қониқиши ҳам ниҳоятда паст савияда бўлади. Психологик хизмат эса, бизнингча, худди ана шу ерда ўз таьсирини, яьни фаолиятдан ижтимоий қониқиш жараёнини маълум даражада юқори савияга кўтара олиш саньатини кўрсатиши лозим.

Ишчи-ходимларнинг меҳнатдан қониқиш муаммоси устида олиб борилган айрим тадқиқотлар натижаси психологик хизматнинг методологик моделини лойиҳалаштиришга хизмат қилса ажаб эмас. Ғарб ижтимоий психология оламида, айникса Америка психологлари наздида эса меҳнатдан қониқиш "қатор ижтимоий установкаларининг ўзаро бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги" "меҳнат жараёнини субъектив баҳолаш билан боғлиқ эмоционал ҳолатларнинг намоён бўлиши" сифатида талқин қилинади ва меҳнат фаолиятининг ижтимоий қимматини оширишга қаратилган психологик хизмат учун муҳим илмий-амалий тавсиялар берилади.

Албатта, меҳнатдан қониқиш жараёнини тўлиқ таҳлил қилиш бизнинг вазифамизга кирмайди. Шунинг учун,биз фақат "меҳнатдан қониқиш"ни ижтимоий психологик жараён сифатида тадқиқ қилган айрим психологик тадқиқотларни психологик хизматнинг методологик вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қайд этишимиз мумкин. Бинобарин, венгриялик психологлар Балинт ва М.Муранинг тадқиқотларида психологик хизмат вазифасини аниқлашга қаратилган шахсларнинг ўз ишидан қониқишини таьминлаш ва ўз ишидан (яьни ўз фаолиятидан) қониқмаслик ҳолатини бартараф этиш йўллари кўрсатилади. Шунингдек, бу олимларнинг илмий талқинича, ҳар бир ишчи-ходимнинг ўз ишидан қониқиши унинг кайфиятини, фаоллигини таьминласа, ишдан қониқмаслик эса корхонада юз берувчи айрим фавқулотда бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Дарҳақиқат, бугунги кунда деярли барча корхоналарда бахтсиз ҳодисалар жуда кўп учрамоқда. Уни камайтириш ва олдини олиш эса, ҳамиша ҳам муваффақиятли ҳал қилинаётгани йўқ. Бунинг учун эса муаммонинг ижтимоий психологик илдизлари ҳақида чуқурроқ ўйланса юзлаб, балки минглаб одамлар ҳаёти, саломатлиги ва ижтимоий-руҳий мавқеи сақлаб қолиниши мумкин. Бу ўринда айтиш мумкинки, психологик хизматнинг ташкил этилиши энг биринчи навбатда корхоналарда юз берувчи бахтсиз ҳодисалардан сақланиш ва ҳимояланиш воситаси сифатида ўта муҳим ижтимоий аҳамият касб этади. Афсуски, бундай хизматни ташкил этиш жуда кўпгина меҳнат муассасаларида ҳозиргача ижтимоий муаммо бўлиб келмоқда.

Психологик хизмат методологияси учун индивидуал психологик фарқланиш назариясининг яратилишини ва бу борада ўнлаб йирик тадқиқотларнинг мавжудлигини муҳим манбалардан бири cифатида ҳеч муболағасиз эьтироф этиш мумкин. Дифференциал психологиянинг маҳсули бўлган бу йўналиш, даставвал, немис психологи В.Штерн номи билан бевосита боғлиқдир, У ўзининг 1901-йилда ёзган "Индивидуал фарқланиш психологияси ҳақида" номли асарида ҳар бир индивиднинг ўзига хос психологик олами мавжудлигини экспериментал тарзда тадқиқ қилади.

Ф.Гальтон, А.Бине, А.Ф.Лазурский, Д.Кеттелл каби олимлар бу соҳада янги биро йўналишни кашф қилдилар. Шундан сўнг дифференциал психология ҳар бир индивид, ёки гуруҳдаги қизиқишлар, установкалар, ҳиссий қўзғалишларни фарқлаш объекти сифатида майдонга чиқди ва унинг бугунги психологик хизмат методологияси учун аҳамиятли томони шундаки, ҳар бир индивид ёки шахснинг ўзигагина хос психологик параметрларини аниқлаш ва тегишли илмий мулоҳаза юрита олишга хизмат қилувчи комплекс тестлар,усуллар ва методикалар мажмуаси яратилди.

Бинобарин, чет эл илғор психологиясида психологик хизмат методологияси учун муҳим ўрин тутувчи қуйидаги йўналишларга асос солинди:

Л.Терстон, Дж.Гилфорд томонидан яратилган "Мультифактор" назариясига биноан бирламчи ақлий қобилиятлар (идрок тезлиги, хотира ассоциациялари ва ҳоказо ) нинг ҳар бир индивиддаги таркиб топганлик кўлами тадқиқ қилинди ва шу асосда ҳар бир шахс фаолиятига алоҳида ёндашувни тақозо этувчи психологик хизматнинг методологик принциплари ишлаб чиқилди. Умуман, психологияда индивидуал фарқланишнинг 56 хил йўналишидаги типи маълум ва машҳур. Масалан, объектив ва субъектив тип (А.Бине тажрибаларида қайд этилган) фикрловчи фаол тип, рационалистлар ва эмпириклар (Джемс тадқиқотлари бўйича) "чуқур-тор" ва "майда-кенг" тип, (Г.Гросс, назарий, иқтисодий, эстетик, ижтимоий, сиёсий, диний типлар (Е.Шпрангер тадқиқотлари бўйича); шизоид ва циклоид типлар (Е.Кречмер тадқиқотлари бўйича); экстроверт ва интроверт типлар (К.Т.Юнг ва Г.Ю.Айзенк) ҳақидаги эмпирик маълумотларнинг қайд этилиши шулар жумласидандир.

Б.М.Теплов, В.С.Мерлин, В.Д.Небилицин, Б.Р.Қодиров ва уларнинг шогирдлари томонидан олиб борилган эмпирик тадқиқотлар мазмуни ижтимоий психология ва ижтимоий психологик хизмат учун муҳим бўлган ҳар бир шахснинг (индивиднинг) табиий ва туғма сифатларини, олий нерв фаолиятининг ўзига хос қобилият элементларини ва унга таьсир этувчи таълим-тарбия, ташқи муҳит ва фаолиятнинг нечоғлик ташкил этилиш жараёнини мукаммал ўрганиш ва уни ижтимоий мақсадлар асосида ривожлантириш йўлларини белгилаш учун катта имконият яратди. Мазкур имкониятлар инсондаги у ёки бу фаолиятни бажаришга бўлган иқтидор куртакларини ўрганишни ва шу асосда шахс фаоллигини камол топтириш учун асос сифатида хизмат қилиши мумкин. Фаолиятни муваффақиятли ташкил этиш учун индивидуал хусусиятлар, яъни ҳар бир шахс темпераменти ва индивидуал услубига ҳам боғлиқ. Меҳнат ва ўқув фаолияти жараёнида ушбу ҳолатни кузатиш, таҳлил қилиш ва ривожлантириш билан боғлиқ усуллар мажмуасининг ишлаб чиқилиши психологик хизматнинг муҳим вазифаси эканлигидан далолатдир.

Шахс фаолиятига индивидуал ёндашув йўналиши билан боғлиқ психологик хизматнинг маълум методологик тамойилларини илмий-татбиқий жиҳатдан асослаб берувчи олим Н.С.Лейтес маълумотларига қараганда, асаб тизими нисбатан кучсиз бўлган кишиларда кўпинча бир хилдаги ишнинг бажарилишида маълум афзалликлар борлиги аниқланган: уларнинг юқори сезгирлиги таъсирчанлик муваффақиятини таьминлайди, лекин у ёки бу фаолият жараёнидаги фавқулотда ва кучли қўзғалувчилар асосида намоён бўлувчи вазиятларда кучсиз типдаги кишилар айнан ўзларининг физиологик хусусиятларига кўра ишни уддалай олмай қолишлари мумкин.

Чунончи, асаб тизими типи анча кучли бўлган кишилар бир хил, анча суст типдаги кишилар эса бошқа хил вазифаларни бир мунча осон ҳал қиладилар. Асаб тизимининг кучи бўйича фарқланадиган кишилар бир хилдаги вазифани ҳал этишга кўпинча ҳар хил йўллар билан боришлари кераклигини Н.С.Лейтес ўз асарларида ҳар томонлама асослаб бердики, бу психологик хизматда ҳисобга олиниши мумкин бўлган муҳим жараёндир. Зеро, фаолият унумдорлиги инсоннинг ўз потенциал имкониятлари кўламидан оқилона фойдаланишнинг маҳсулидир. Э.А.Климов, В.С.Мерлин, В.М.Русалов, Б.М.Теплов тадқиқотларида ҳам шахс темпераменти асосида унинг машғул бўлган у ёки бу фаолиятни муваффақиятли бажаришдаги индивидуал услубнинг белгиланиши зарурлигини илмий жиҳатдан асослаб берувчи маълумотлар бор. Жумладан, Климовнинг эмпирик маълумотлари бир неча станокда ишлашда асаб тизимидаги" ҳаракатчан тип"даги ҳам, "ҳаракатсиз тип"даги ходимлар ҳам бирдек юқори даражадаги ишлаб чиқариш муваффақиятларига эришиш мумкинлигини тасдиқлайди. Бунинг асосий сабаби эса, бир хил меҳнат вазиятида турлича ҳаракат йўналишини танлай билиш ва амалга оширишдир.

Умуман, юқорида қайд этилган олимларнинг умумий фикр-мулоҳазаларига кўра индивидуал услубнинг шахсда дарров пайдо бўлмаслиги, балки кўпинча стихияли тарзда (яьни,индивидуал-ҳиссий асаб сифатлари ёрдамида) пайдо бўлиши қайд этилади. Демак, ҳар бир шахсга психологик хизмат давомида ўз имкониятлари ва фаолият талаби уйғунлигини таьминлаш йўлларини излаш асосида ёндашилса мазкур шахс фаолиятидаги индивидуал услубнинг таркиб топиши тобора ривожланиб, такомиллашиб боради. Бу эса, ўз навбатида шахс ва жамиятнинг ижтимоий тараққиётига ижобий таьсир кўрсатади.

Муассасадаги амалий психолог ҳар бир шахс фаолияти ҳамкорлигини ташкил этиш жараёнида ушбу имкониятларни ҳисобга олиши орқали ижтимоий-психологик ютуқларга эришиши мумкин. Таълим ва меҳнат фаолияти муваффақиятларини таҳлил қилишга қаратилган кузатишларимиз натижалари ҳар бир шахсни фаолиятдаги муваффақиятсизликларга нисбатан муҳофазаланиш (ҳимояланиш) қуроли сифатида ҳар бир ўқувчи ва ишчи ходим учун характерли бўлган индивидуал услуб мезонларини ишлаб чиқиш ва унинг психологик хизмат жараёнида янада такомиллаштириш йўлларини излашга даъват этди.

Шахс индивидуал фарқланишининг ижтимоий қимматини тадқиқ қилиш муаммоси К.К.Платонов асарларида бир қадар кенгроқ кўламда қайд этилади. К.Платоновнинг методологик хизмати шундаки, у инсон ижтимоий индивидуал оламини тушунишнинг қуйидаги тўрт мезонини ишлаб чиқди ва шахс ижтимоий индивидуал фарқланиш моҳиятини тушуниш учун муҳим бўлган ушбу ижтимоий мезонларнинг назарий-илмий концепциясини яратди.

Профессорлар: Э.Ғозиев, Л.Турсунов, Ж.Икромовларнинг "ХХ аср ва шахс камолоти" мавзусидаги маълумотларида ҳам психологик хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этувчи индивид, шахс ва субъект тараққиётининг тадқиқотида қуйидаги ҳолатларга жиддий эътибор бериш зарурлиги уқтирилади:

- инсон ривожланишининг детерминатори ҳисобланган асосий омиллар ва шарт-шароитлар (ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, мафкуравий, педагогик ва яшаш муҳити омиллари);

- инсоннинг ўзига тааллуқли, асосий тафсилотлар, унинг ички конуниятлари, механизмлари, эьтиқод босқичлари барқарорлашуви ва инволюция;

- инсон яхлит тузилишининг асосий таркиблари, уларнинг ўзаро алоқалари, шахснинг ташқи таьсирларга жавоби ва муносабати, тараққиёт жараёнида уларнинг такомиллашуви. Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг ўз индивидуал оламида содир этилаётган барча маьнавий ва руҳий кечинмаларини у яшаб турган жамият истиқболларига мос тарзда тадқиқ қилмай туриб шахс ва фаолият, шахс ва жамият, шахс ва индивидуаллик ўртасидаги ижтимоий мутаносибликни таьминлаб бўлмайди. Зеро, психологик муҳофаза воситаси сифатида тадқиқ қилинаётган ижтимоий психологик ҳимоя фалсафаси ҳам шуни тақозо этмоқда.

"Инсоннинг индивидуаллик даражаси яна шу билан ифодаланадики, ундаги фаолиятнинг усуллари ва воситалари ҳеч қачон тайёр ҳолдаги барча учун бир хил умуминсоний тажрибалардан иборат бўла олмайди. Ҳар бир инсон ўз индивидуал сифатлари ва филогенездаги хусусиятлари асосида ижтимоий фаоллик тақозо этган фаолиятнинг мустақил субъектига айланиб боради. Бу билан жамият ҳар бир индивиднинг ўз ҳаётий пойдевори учун муҳим бўлган "ғиштни ўзи барпо этишида ижтимоий шарт-шароит яратиб беради". Бундай шарт-шароит эса ҳар бир шахснинг умумий ва махсус индивидуал имкониятлари кўламини ижтимоий-психологик жиҳатдан таҳлил қилиш ва тобора камол топтира бориш йўлларини излаш асосидагина қарор топтирилиши мумкин.

Яна шуни қайд этиш керакки, психологик хизмат методологияси вазифаларини тадқиқ қилинар экан, ижтимоий психологияда маълум ва машҳур бўлган "Установка"," Ижтимоий установка" муаммоларига бағишланган тадқиқотларга тўхталмай иложимиз йўқ. Чунки, психологик хизмат жараёнининг психологик ҳимоя воситаси сифатидаги асосий вазифаларини ижтимоий установка тадқиқисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Бинобарин, установка (психологияда) шахснинг муайян фаоллигини (идрок, тафаккур, мақсадга мувофиқ ҳаракатлар ва ҳоказо) бажаришга қаратилган, аввалги тажрибаси билан белгиланган тайёргарлиги кишининг уни муайян тарзда ҳаракатга ундовчи тайёргарлик формаси ҳисобланади.

Психологик хизматнинг назарий ва методологик асослари ҳақида гап борганда психологик хизмат объекти ва субъекти ҳисобланган шахсга муносабат тизими асосида ёндашув истиқболларини кўрсатиб берувчи тадқиқотларга ҳам алоҳида тўхталишга тўғри келади.

Чунки, шахснинг психологик хизмат жараёнида намоён бўлувчи ва ривожлантириб борилиши муқаррар бўлган ўз-ўзига, ўзгаларга (шахслараро) ва фаолиятга нисбатан таркиб топаётган муносабатларнинг ижтимоий савиясини ўрганмай, таҳлил қилмай туриб унинг ўз-ўзидаги нохуш ҳислардан, ўзгалар билан ҳамкорлик ўрнатиши билан боғлиқ зиддиятли вазиятлардан, фаолиятдаги муваффақиятсизликлардан психологик муҳофаза қилишга қаратилган тадбирлар кўламини белгилаб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, муносабатнинг турли соҳаларидаги ижтимоий психологик мезонлари бўйича тадқиқот олиб борган файласуфлар, психологлар, социологлар, психофизиологлар ва педагоглар (Б.Г.Ананьев, Г.М.Андрее ва, А.А.Бадалов, Э.В.Шорохова, Ф.В.Бассин, Л.С.Вигоцкий, А.В.Веденов, Ю.М.Забродин, А.Г.Ковалов, И.С.Кон, Т.А.Китвел, Э.С.Кузмин, М.С.Кагон, И.Т.Левикин, В.С.Мерлин, В.Н.Мясишев, В.С.Магун, И.П.Павлов, К.К.Платонов, Б.Д.Паригин, С.Л.Рубинштейн, В.В.Столин, В.А.Ядов каби олимларнинг барчаси муносабатнинг маълум соҳаларини илмий жиҳатдан асослаб берадилар. Масалан, мазкур муносабат мезони философлар талқинида шахс ва борлиқ ўртасидаги кўприк сифатида, психологлар талқинида шахснинг "ички" ва "ташқи" фаолияти ўртасидаги эмоционал,когнитив ва хулқ-атвор компонентлари асосида намоён бўлувчи интилишларнинг маҳсули сифатида, социологлар талқинида шахснинг ижтимоий иқлимига нисбатан хайрихоҳлик ёки норозиликнинг ифодаланиши сифатида, психофизиологлар талқинида шахс олий нерв фаолиятининг акс эттириш воситаси сифатида, педагоглар талқинида эса ўқувчининг ўқув топшириқларини "бажонидил" (ихтиёрий қизиқиш орқали) ёки мажбуран (юзаки) бажаришга бўлган интилишларнинг маҳсули сифатида эътироф этилади. Психологик хизмат жараёни эса худди шу тадқиқий йўналишларга таянган ҳолда шахснинг фаолият жараёнида таркиб топаётган муносабатларини ўрганишни таҳлил қилишни ва шу асосда тегишли тадбирларни белгилай олишни ўз олдига вазифа қилиб қўяди. Бу ўринда профессор Э.Ғозиевнинг назарий-методологик қимматга эга бўлган қуйидаги фикрларини қайд этиш ўринлидир: "Ҳозирги кунда шахсга субъектив муносабат муаммосини ижтимоий жиҳатдан турмушда қарор топтириш учун: -Одам-инсон-шахс-индивидуаллик-субъект-комиллик иерархиясига риоя қилиш; -шахсга субъектив муносабат, яьни унда робот сифатида барча хусусиятларини бир текис шакллантириш мумкин, деган хато назариядан воз кечиш, "субъект-субъект" алоқасини вужудга келтириш;

-ҳар қандай субъект-шахс, лекин ҳар қайси шахс субъект эмаслиги муаммосини ечиш;

-шахс субъект бўлиши учун мустақиллик, шахсий позиция, дунёқараш ва уларни ҳаётга татбиқ қилиш имконияти мавжудлигини тан олиш" каби муаммоларнинг бартараф этилиши шахснинг ижтимоий муносабатлар мажмуасини камол топтиришга хизмат қилиши тайин.

Зеро, инсон муносабатлари унинг хулқ-атворида ички дунёсининг шаклланишида, барча психологик жараёнларида муҳим бошқарувчилик ролини ўйнайди. (В.Н.Мясишев-1957). Бундай бошқарувчиликнинг юксак ижтимоий савияда таркиб топтирилиши эса инсоннинг ҳаётдаги айрим муваффақиятсизликларига нисбатан психологик ҳимояланиш воситаси сифатида хизмат қилиши мумкин.