Материал: 05_07_2018_ЎУҚ_Психологик_хизмат_назарияси_Қодирака

Внимание! Если размещение файла нарушает Ваши авторские права, то обязательно сообщите нам

Шунингдек, 60-70 йилларда Ўзбекистон Педагогик Фанлар Илмий Текшириш институти ходимлари П.П.Зимин, В.А.Токарева, М.Ш.Расулева, М.Дадажоновлар томонидан мактабда психологик хизмат татбиқини ўрганишга оид қатор изланишлар, амалий тадбирлар олиб борилди. Айниқса, 1966 йилда Чирчиқ шаҳрида ахлоқий тарбияга оид, 1973 йилда Андижонда оилавий тарбияга оид, Самарқандда таниқли психолог Н.А.Менчинская иштирокида ақлий тараққиёт муаммоларига оид олиб борилган изланишларни алоҳида қайд этиш мумкин.

Бинобарин, мамлакатдаги икцодий-ижтимоий ислохотларнинг самарали бўлишини таьминлаш, ишлаб-чиқаришда ва ижтимоий ҳаётнинг барча бўғинларида инсон омилидан фойдаланиш, ҳар бир ижтимоий шахс имкониятларини тўла-тўкис юзага чиқариш масаласи Ўзбекистон психологлари олдига психологик хизмат билан боғлиқ қуйидаги вазифаларни амалга ошириш масъулиятини юклади:

-Аҳоли ўртасида психологик саводхонликни оширишга қаратилган қатор тадбирларни белгилаш ва уни амалга ошириш;

-Ҳар бир шахс имкониятини жамоадаги ижтимоий-психологик иқлимни Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ва этнопсихологик тамойилларига мослаштирилган энг илғор тестлар, методикалар, асосида ўрганиш, таҳлил қилиш ва бу борада тегишли хулосалар чиқариш;

-Ходимларни танлаш ва психологик имкониятлари асосида турли соҳаларга юналтиришда маьмурий ташкилотларга кўмаклашиш, шунингдек барча булиндаги раҳбар ходимларнинг мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий тараққиёт талабига мос психологик саводхонлигини ошириш мақсадида қисқа муддатли " ижтимоий психология " курсларини ташкил этиш;

-Фуқароларнинг касбий йўналишларини аниқлаш ва меҳнат биржалари фаолиятини режалаштиришда фаол ёрдам кўрсатиш;

-Қатор йўналишларда аҳолига социал-психологик хизмат кўрсатилишини таьминлаш:

а) Индивидуал психологик хизмат;

б) Ишлаб чиқариш ва меҳнат жамоаларига психологик хизмат;

в) Оилавий ҳаёт тизимида психологик хизмат;

г) Халқ таълими тизимида психологик хизмат;

д) Ички ишлар тизимида психологик хизмат;

е) Спорт ва соғломлаштириш тизимларида психологик хизмат;

ж) Тиббиёт тизимида психологик хизмат;

з) Транспорт тизимида психологик хизмат.

Шунингдек, мазкур соҳаларда психологик хизматни муваффақиятли амалга ошириш учун "социолог-психологлар", "амалиётчи - психологлар" тайёрлаш механизмини ишлаб чиқиш бугунги кунда энг долзарб муаммо эканлиги янада сезилмоқда. Юкоридаги вазифаларни амалга ошириш борасида олимлар томонидан талайгина назарий-илмий ва амалий услубий ишлар у ёки бу соҳада психологиянинг амалий татбиқини яққол ва равшан намоён этмоқдаким, бу хайрли ишлар Ўзбекистонда ташкил этилажак умумий психологик хизмат тизимининг дастлабки илмий-ташкилий асосини барпо этишда муҳим аҳамият касб этади.

Бизнингча, психологик хизматнинг илмий-ташкилий мазмунини қуйидаги 2 йўналиш асосида тасаввур қилиш мумкин:

1. Психологик хизматнинг илмий- амалий асослари.

1. Психологик хизматнинг ташкилий фаолият асослари.

Психологик хизматнинг илмий-амалий асосларига илғор психология фанидаги назарий-илмий, методологик йўлланмалар, тамойиллар, мезонлар ва хулосаларнинг амалиётдаги татбиқи киради. Бу татбиқ эса илмий-амалий иш жараёнининг психологик оқартув, психопрофилактика, психодиагностика, психокоррекция, психологик маслаҳатлар каби йўналишларида ўз ифодасини топади. Психологик хизматнинг ташкилий фаолият асослари, деганда, қайси соҳада психологик хизматнинг ташкил этилишига қараб ўша соҳа йўналишидаги юқории ташкилот (Вазирлик) қарори ва шу қарорга мувофиқ ташкилот, корхона муассасаларда психологик хизмат тизимининг ҳудудий психологик хизмат марказлари фаолияти ёки бевосита амалиётчи-психологлар фаолияти орқали татбиқ этилиши тушунилади.

Юқоридаги йўналишлар асосида психологик хизмат татбиқининг бугунги ҳолатига назар ташлайдиган бўлсак, ҳар ҳолда бу борада маълум ишлар бажарилганлигининг гувоҳи бўламиз. Чунончи, Тошкент ва Бухоро темир йўл бўлинмаларида психологик хизмат жорий қилинди. Бўлинмадаги ҳар бир ишчи-ходимнинг ўзига хос психологик имкониятлари ва касбий лаёқати таркиб топганлигининг психологик омиллари асосида иш фаолиятини ташкил этишга оид талайгина ишлар қилинди ва қилинмоқда. Темирйўл тизими бўйича анча муваффақиятли татбиқ этилаёган психологик хизматнинг характери ва аҳамиятини таҳлил қилиш бўйича олиб борганкузатишларимиз ва тадқиқотларимиз шуни кўрсатаяптики, ҳар бир "машинист" фаолиятида, ходимларни психологик танлов асосида ўз ўрнига қуйишда, жамоадаги шахслараро муносабат муомаласини юқори савияга кўтаришда ҳар бир ходимнинг ижтимоий "МЕН" лигини тўғри ва адекват тарзда англашда анча ижобий силжишлар рўй берган. Ўзбекистонда психологик хизматни ташкил этилиши ва такомиллаштирилиши маълум маьнода Республика Халқ таълими вазирлигининг қатор кўрсатмалари асосида имконияти бор умумтаълим мактабларида психологик хизматнинг жорий қилиниши билан ҳам бевосита боғлиқ.

Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, халқ таълими тизимида психологик хизмат татбиқининг бугунги ҳолатини 2 босқич асосида талқин қилиш мумкин.

Биринчи босқич мактабларда бевосита психологлар томонидан психологик хизматнинг ташкил этилиши, албатта, мазкур йўналиш буйича аллақачон, аниқроғи 80 йиллардаёк Тошкент шаҳрининг талайгина мактабларида иш бошланган ва ўша пайтларнинг ўзидаёк психологик хизматнинг қулай ва шахс камолоти учун ниҳоятда аҳамиятли томонлари барчага маъқул ва манзур бўлган эди. Лекин, психологик хизматнинг кенг тарғибот қилиниши учун юқоридан махсус расмий фармойишнинг ва амалиётчи-психологларнинг ниҳоятда тақчиллиги ёппасига барча мактабларда худди шундай психологик хизматни татбиқ этиш ишига бирмунча тўсқинлик қилиб келар эди. Шукурлар бўлсинки, 90 йилларга келиб мустақиллик, эрк, ўзликни англаш ҳислари ҳукмрон бўлган Ўзбекистон шароитида инсон ва жамият камолотини кўзловчи барча ижтимоий соҳалар сингари психологик хизмат татбиқининг кенг қулоч ёйиши учун ҳам ўзига хос замин ҳозирланди. Бу эса Ўзбекистон учун характерли бўлган психологик хизмат ривожлантирилишининг навбатдаги амалиётчи-психологлар тайёрлаш босқичига ўтишни муқаррар қилиб қўйди. Чунки, мактабдаги ижтимоий психологик иқлимни таҳлил қила олувчи малакали амалиётчи-психологлар тайёрламай туриб Ўзбекистонда психологик хизмат татбиқини муваффақиятли амалга ошириб бўлмас эди. Шунга мувофиқ, даставвал Тошкентда, сўнгра Бухорода, кейинчалик Навоий, Андижон, Самарқанд ва бошқа вилоятларда умумтаълим мактаблари учун "амалиётчи-психологлар" мутахассислиги бўйича қайта тайёрлов курслари очилди ва бу курсларни муваффақиятли тугатганлар Республикамизнинг талайгина мактабларида психологик хизмат ташқилотчиси, тарғиботчиси ва тадбиқотчиси сифатида самарали иш олиб бормоқдалар.

Қолаверса, умумтаълим мактабларида психологик хизматни ташкил этишда ва такомиллаштириш борасида 1987, 1993, 1994, 1995 йилларда Бухорода, 1990 йил Тошкентда ташкил этилган Республика илмий-амалий анжуманида қилинган барча маърузалар, кўтарилган муаммолар Ўзбекистондаги психологик хизмат татбиқининг туб моҳиятини тушуниш, таҳлил қилиш ва бу борада олиб борилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаш учун муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда психологик хизматнинг бугунги илмий-ташкилий ҳолатини таҳлил қилар эканмиз, албатта, Республика миқёсида психологик хизмат кўламини кенгайтириш учун муҳим аҳамият касб этадиган амалиётчи-психологлар тайёрлаш услуби, принциплари ва ўзига хос характерли хусусиятлари ҳақида фикр юритамиз.

Ҳар бир давлатнинг фақат ўз ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тараққиётига мос тадбирларгина шу давлатда қўлланилади ва керак бўлса ривожлантирилади. Шунга мувофиқ, Ўзбекистонда психологик хизматни ривожлантириш учун малакали ва этук мутахассислар камлигини ҳисобга олиб, дастлабки қадам мактабнинг энг илғор ва иқтидорли ўқитувчилари орасидан амалиётчи психологлар тайёрлаш ташаббуси билан бошланди. Бу борада ўринли бир савол туғилади: Нима учун "амалиётчи-психологлар" курсига айнан тажрибали ўқитувчиларгина жалб қилинди? Дарҳақиқат, курсга фақат юқори малакали педагогларнинг жалб қилиниши бежиз эмас. Чунки, мактабда психолог бўлиш учун, аввало ўқувчи шахсини, ўқув жараёнини таълим-тарбия мезонларини чуқур ва тўғри таҳлил қила олиш ма лакаси ва тажрибаси бўлиши шарт. Шунингдек, масаланинг ижтимоий ташкилий томонлари ҳам мавжуд. Масалан, мактабда ишлаб маълум тажрибага эга бўлмаган шахслар курсга қабул қилинса, 4-5 ойгина муддат ичида мактабдаги педагогик-психологик жараённи тўғри ва муваффақиятли таҳлил қила олиш малакасига эга бўла олмайдилар. Бошқа томондан эса, агарда, университетлар ва педагогика институтларида "амалиётчи-педагог-психолог" мутахассислиги бўйича факультетлар ташкил қилинганда, камида 5-10 йил, балки ундан ҳам кўпроқ кутишга тўғри келади. Мабодо факультетни тугатган такдирда ҳам педагогик тажриба бўлмаса барибир педагогик жараённи психологик таҳлил қилиш ишида бир мунча мушкуллик туғдиради.

Шуларни ҳисобга олиб Ўзбекистон халқ таълими Вазирлиги томонидан чиқарилган фармойишлар ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг ташаббуслари билан ташкил этилган "амалиётчи-психолог" курсларининг иш фаолияти бугунги кунда Ўзбекистондаги психологик хизматни ривожлантириш учун энг оптимал тадбир сифатида муҳим аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидлаш мумкин.

Жумладан, Бухорода бугунги кунда 100 дан ортиқ Тошкентда 150 дан ортик ва қолган вилоятларда жами 100 дан ортиқ, демак, Республика миқёсида 650 дан ортиқ мактабларда амалиётчи-психологлар томонидан психологик хизмат жараёнининг ташкил этилаётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.

Юқорида келтирилган мисоллар, таҳлиллар ва хулосалардан кўринадики, Ўзбекистонда психологик хизматни такомиллаштириш ва ривожлантиришнинг асосий шартларидан бири, бу – амалиётчи психологлар тайёрлаш механизмини ҳар томонлама пухта ва муваффақиятли тарзда ишлаб чиқишдир. Чунки, барча соҳаларда малакали мутахассислардан сараланган ва пухта тайёрланган психологлар сафини ҳам сон жиҳатдан, ҳам сифат жиҳатдан кенгайтирмай туриб, психологик хизмат тизимининг амалий фаолиятдаги татбиқини Республика миқёсида кенг кўламда амалга ошириб бўлмайди.

Шунга мувофиқ, амалиётчи-психологлар тайёрлаш муаммоси бугунги кунда халқ таълими Вазирлиги томонидан ҳал қилиниши лозим бўлган энг долзарб, муаммо бўлиб турибди. Албатта, мазкур муаммони бартараф этиш йўлида талайгина ишлар қилинмоқда. Масалан, Тошкент, Бухоро, Навоий, Андижонда ва Самарқандда махсус ташкил этилган амалиётчи-психолог тайёрлов курслари, мактабда амалиётчи-психолог штатининг жорий қилинганлиги ва унга жиддий эътибор бериб борилаётганлиги каби тадбирлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистонда амалиётчи-психологлар тайёрлаш муаммоси жуда кенг ва кўп қамровли муаммо бўлиб, бугунги кунда қисмангина ҳал қилинган, лекин масаланинг бошқа илмий-ташкилий томонлари ҳанузгача ҳал қилинмаган. Буларга қуйидагиларни киритиш мумкин:

1. Амалиётчи-психологлар тайёрлашнинг Республика миқёсидаги ягона илмий-амалий ўқув дастури ва стандарт мезонлари ишлаб чиқилмаган.

2. Амалиётчи-психолог курсига қабул қилиш мезонлари ижтимоий ва илмий-ташкилий асослар билан тўлиқ мустахкамланмаган.

3. Амалиётчи-психологлар тайёрлаш тизимининг самарадорли гини ўрганиш, таҳлил қилиш ва тегишли илмий-ташкилий тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган тадқиқотларни олиб бориш режаси тузилмаган.

4. Амалиётчи-психологлар тайёрлаш ҳалқ таълими тизимининг давлат буюртмасига тўлиқ киритилмаган.

5. Амалиётчи-психологлар тайёрлаш сифатини назорат қилиб борувчи махсус Давлат ташкилоти таъсис этилмаган. Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун қуйидагиларга жиддий диққат эътиборни қаратиш лозим:

1. Амалиётчи-психологлар тайёрлаш курсини ташкил этишга мўлжалланган ягона ўқув дастурини тузиш ва уни барча ўқув юртларида жорий этиш.

2. Амалиётчи-психологлар тайёрлаш жараёни билан боғлиқ қатор тажрибаларимиз шуни кўрсатдики, мазкур курсга тингловчилар қабул қилишнинг ижтимоий ва илмий-ташкилий талабларига жавоб бера олувчи стандарт мезонларни ишлаб чиқиш ва шу мезонлар асосидагина "амалиётчи-психолог" курсига қабул қилиш, Бунда, асосан, иш (педагогик фаолият) тажрибасининг камида 5 йил бўлиши; педагогик билим (педагогик жараённи таҳлил қила олиш ) савиясининг ўртачадан юқори даражада бўлиши; умумий психологик билим ва тасаввурнинг ўртачадан юқори даражада бўлиши; касбга кизикиши, иқтидори ва хохишининг ўртачадан паст бўлмаслиги; ёшнинг чегараланиши (17- 40- 45- ёшгача); шахсий сифатларнинг талаб даражасида бўлиши каби мезонларга риоя қилиниши лозим.

Тингловчиларни мазкур мезонлар асосида қабул қилиш 1-дан касбга ва курсга нисбатан масъулиятни оширса, 1-дан эса мўлжалланган ўқув дастурини тезроқ ва самаралироқ ўзлаштириш имконини беради. Чунки, жуда қисқа вақт ( 5-7-9 ой ) мобайнида жуда кўп психологик билимларга эга бўлиш талаб қилинади. Фундаментал билим, тажриба ва малакага эга бўлмаган тингловчи эса бунинг уддасидан чиқа олмайди, аниқроғи, "игна билан қудуқ қазади". Афсуски, бугунги кунда мактабларда фаолият кўрсатаётган амалиётчи-психологлар орасида бундайлар мутлақо йўқ, деб ҳозирча айта олмаймиз. Бу эса психологик муҳофаза воситаси бўлган психологик хизматни эндигина камол топиб бораётган ижтимоий мақсадига, моҳиятига маълум даражада салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ўзбекистон психологлари эса бунга йўл қўймасликлари керак.

Ўзбекистонда психологик хизматнинг бугунги ҳолатига тавсиф беришга оид юқорида баён этилган барча таҳлилларимиз хотимаси Ўзбекистонда психологик хизмат тизимини яратиш ва ривожлантириш билан боғлиқ асосий йўналишларни белгилашни тақозо этади.

Чунки, психологик хизмат тизимининг Республика миқёсидаги кенг қамровли илмий-амалий йўнали шларини белгиламай туриб Республика ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун муҳим аҳамиятга молик ижтимоий-психологик муаммоларни бартараф этиб бўлмайди. Шунга мувофиқ, барча соҳалардаги ҳозирги замон илғор психологик адабиётларга ва тадқиқотларга таяниб психологик хизматнинг асосий амалий йўналишлари ва унинг илмий-ташкилий иш жиҳатларини ўрганиш борасида маълум изланишлар олиб борилди. Шунингдек, барча йўналишлар учун умумий ва жузьий бўлган ижтимоий психологик ҳолатлар, вазифалар ва тадқиқотлар кўлами ва уларни амалга ошириш йўллари белгиланди. Бугунги кунда қатор соҳаларда психологик хизмат тизимининг жорий этилиши ва ривожлантирилиши учун ижтимоий эҳтиёжларнинг нихоятда ортиб бораётганлиги ва бу эҳтиёжларни қондиришга нисбатан юқори ташкилотлардан тегишли қарорлар қабул қилинаётганлигини алоҳида қайд этиш мумкин. Масалан, халқ таълими тизимида (муассасаларида) психологик хизматни жорий этиш ва ривожлантириш борасидаги; тиббиёт ва соғликни сақлаш муассасаларида психологик фаолиятни такомиллаштириш борасида; оилавий ҳаётни ташкил этиш тизимларидаги айрим муассасаларда психологик хизматни такомиллаштириш бўйича чиқарилган қарорлар ва белгиланган тадбирлар шулар жумласидандир. Тадқиқот давомида мазкур қарорларнинг ва тадбирларнинг мақсадидан келиб чиқиб ва шуларга асосланиб Ўзбекистонда психологик хизматни ташкил этиш ва ривожлантиришнинг дастлабки босқичи қуйидаги йўналишлар асосида амалга оширилиши мумкин:

1. Таълим тизими муассасаларида психологик хизмат;

1. Мехнат жамоаларида психологик хизмат;

3. Оилавий ҳаётни ташкил этиш тизими муассасаларида психологик хизмат;

4. Транспорт муассасаларида психологик хизмат;

5. Соғликни сақлаш тизими муассасаларида психологик хизмат;

6. Ички ишлар, ҳуқуқ-тартибот тизими муассасаларида психологик хизмат;

7. Спорт муассасаларида психологик хизмат.

Демак, бугунги кунда мазкур ушбу йўналишлар бўйича шахс психологияси ва жамият уйғунлигини таьминлашга қаратилган ижтимоий психологик тадбирлар баҳоли қудрат амалга оширилмоқда. Бу эса энг биринчи навбатда мазкур йўналишларда фаолият кўрсатаётган шахсларнинг ўз-ўзини англаш, билиш ва ривожлантиришга қаратилган ижтимоий-психологик муҳофаза имкониятлардан кенг кўламда фойдалана олишларига, яьни уларнинг фаолиятида қамроқ муваффақияцизликка учрашларига ва кўпроқ самарали меҳнат қила олишларига бенихоя ёрдам беради.

Ўзбекистонда олиб борилган ва олиб борилаётган амалий психологик ишлар ичида "Оилага психологик хизмат кўрсатиш" бўлимларининг фаолияти алоҳида ўрин тутади. Оилага психологик хизмат кўрсатиш бўлимларининг фаолиятини қуйидаги йўналишлар асосида қайд этиш мумкин:

  1. Ўспиринларга оилавий ҳаёт тасаввурларини шакллантириш борасида психологик хизмат кўрсатиш.

  2. Никоҳ олди психологик хизмат кўрсатиш. Бунда асосан ёш оила қурувчиларнинг оилавий муносабатларда намоён бўлиши мумкин бўлган индивидуал психологик хусусиятлари ўрганилади, севги, ишқ, муҳаббатнинг биологик, социологик ва психологик томонларини тушунтириш асосида тегишли тавсиялар берилади.

  3. Оилага психологик хизмат кўрсатиш жараёнида эса турли ёшлардаги ва турли тоифалардаги оилаларга оилавий ҳаёт билан, оиладаги шахслараро муносабатлар билан, турли хил зиддиятлар билан боғлиқ барча вазиятларни таҳлил қилишда ва маълум ижобий томонга юналтиришда кўмаклашилади.

  4. Оиласизларга психологик хизмат кўрсатиш йўналишида бўйдоқ эркакларга ва бева аёлларга ўз тенгдошини топиш ва оилани авайлаш ва умуман оилавий ҳаёт тизимининг ижтимоий-психологик хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилади ва муваффақиятли оила қуриш борасида тегишли тавсиялар бериб борилади.

5. Ишонч телефонлари орқали оилаларга ёки оиладаги шахсларга психологик хизмат кўрсатиш. Бунда, асосан ишонч телефонидаги маълумотлар асосида ва барча далилларни сир тутган ҳолда маълумотнинг мазмунидан келиб чиқиб тегишли психологик тадбирлар олиб борилади.

Психология фанлари доктори, профессор Ғ.Б.Шоумаров, психология фанлари доктори В.М.Каримова ва психология фанлари номзоди, доцент Н.А.Соғиновлар раҳбарлигидаги А.Авлоний номидаги Республика педагогик ходимлар малакасини ошириш Марказий институти психология кафедраси, Фарғона давлат университети ижтимоий психология кафедраси томонидан ишлаб чиқилган методикалар, якунланган диссертациялар шулар асосида барча вилоятларда олиб борилаётган оилавий ҳаёт тизимини таҳлил қилиш билан боғлиқ психодиагностик психокоррекцион ишлар кўламининг тобора кенгайиб бораётганлиги фикримизнинг далилидир. Айни пайтда, катта илмий ва ижтимоий потенциалга эга бўлган мазкур ишлар Республика миқёсида оилавий ҳаёт билан боғлиқ психологик хизмат тизимини ривожлантириш учун тўлақонли илмий-ташкилий асос бўлиб хизмат қилса, ажаб эмас.

Инқирозли ҳолатларида психологик хизмат (консультация)ни ташкил этиш

Консультация мақсадларини аниқлаш, психологик ёрдам ва консультантнинг ўз назарий ориентациясига мурожаат қиладиган мижозларнинг эҳтиёжларига боғлиқ. Лекин, консультациянинг турли-туман мақсадлари билан танишишдан олдин, катта ёки кичик даражада турли мактаб асосчилари томонидан ўнганилган бир неча универсал мақсадларини кўриб ўтамиз:

1. Мижоз баъзи муқаррар ижтимоий тўсиқларга қарамай ҳаётдан унумлироқ, қониқиш ҳис этиб яшаши учун хулқ-атворнинг ўзгаришига имкон бермоқ.

1. Янги ҳаётий ҳолат ёки талабларга дуч келганда қийинчиликларни енгиш кўникмаларини ривожлантириш.

3. Ҳаётий муҳим бўлган қарорларни қабул қилиш самарадорлигини таъминлаш. Бунда консультация жараёнида ўрганишга лойиқ бўлган бир қанча муҳим ишлар мавжуд: мустақил иш, вақт ва энергия тақсимоти, таваккал натижаларининг баҳоси, маънавий бойлик қирраларини текшириш, ўзига тўғри баҳо бера олишлик, эмоционал стрессни енгиб ўтиш.

4. Шахслараро муносабатларни боғлаш ва уни сақлаб қолиш кўникмаларини ривожлантириш. Одам билан мулоқот ҳаётнинг катта қисмини эгаллайди ва ўз-ўзини ҳурмат қилишнинг паст даражаси туфайли, ёки ижтимоий кўникмаларнинг етарли эмаслиги кўпчиликда муомаладаги қийинчиликларни туғдиради.

5. Шахс ички потенциалини амалга ошириш ва уни юқорига кўтаришни енгиллаштириш. Консультацияда мижознинг максимал эркинлигига (табиий-ижтимоий чегараланма ҳисобга олинган ҳолда), шунингдек, атрофдагилар томонидан иғво қилинаётган ўзининг реакцияларини назорат қилиш ва мижоз қобилиятларининг ривожига интилиш керак.

Р.Мэйнинг кўрсатишича, ўсмирлар билан ишлаганда консультант ёрдам эффективлигини ошириш мақсадида уларнинг яқин атрофдагиларини ўзгаришига эришиши керак.

Психологик консультация мақсадларининг баъзи умумийликларига қарамай, асосий психологик мактаблар илмий банбааларига тўғри келмайди.

Қандайдир универсал мақсаднинг консультацияси ҳақида гапиришдан маъно бормикин, айниқса консультант мижозига эркинликка интилишини, эмоционал стрессни енгишини, адаптив муносабатга ва ўзини тўлиқ кўрсатишга ёрдам бериши мумкин бўлганда?

Саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин: психологик консультациянинг мақсади континуумни ташкил қилади, унинг бир томонида-умумий, глобал, перспектив мақсадлар, бошқа томонида-ўзига хос, аниқ, қисқа муддатли мақсадлар қўйилади. Консультациянинг мақсади қарама-қарши бўлиши шарт эмас-шунчаки, ўсмир шахси дунёқарашини ўзгартиришга қаратилган мактабларда перспектив мақсадларга эътибор қаратилмоқда, хулқни ўзгартиришга қаратилган мактабларда эса, кўпроқ конкрет мақсадларга аҳамият берилмоқда.

Консультант ва мижоз мақсадлари охир оқибатда бир-бирига мослашади, ҳар бир консультант ўзининг уни мутахассисликка олиб келган умумий мақсадлар системасини назарда тутган тақдирда ҳам, ҳар бир мижознинг ўзига хос мақсадлари бўлади. Консультант ўзининг умумий мақсадлари билан мижознинг аниқ мақсадларини боғлай олиши учун бошиданоқ унга қуйидаги саволларни бериши лозим:

-“Ҳозирги жараёндан сиз нимани кутаяпсиз?”

-“Сизнинг истак-хоҳишингиз?” ва ҳоказолар.

-«Мақсадингиз»?

-«Мақсадга қандай эришишни хоҳлайсиз?».

Мижозлар албатта консультация ҳақида ва консультантдан нима кутиш мумкинлиги ҳақида умумий маълумотга эга ҳолос. Мижоз консультация ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаса, у керакли тарзда мақсадларини ифодалашга қодир эмас. Агар биз мижозга суҳбатнинг қанча давом этиши, қолаверса консультация давомида кўпроқ нималар содир бўлиши ҳақида маълумот берсак, унга консультациянинг имкониятлари ва чегирмаларини тушуниши осон кечади. Кўпчилик мижозлар психологик консультацияга келганда, консультант шу захоти ёрдам беришга ишонади. Бундай вазиятда консультант консультациянинг асосий мақсадини ёдда тутиши лозим, у қуйидагича-мижозга ҳаракат қилиш, муаммоларни ҳал қилиш, ўзгариш, имкониятларини актуаллаштиришга фақатгина ўзи қодирлигини тушунтириш.